loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

КЕРАКЛИ ЧОРАЛАР КЎРИЛМОҚДА

Ўзбекистон Бадиий академияси мамлакатимиз ҳудудида коронавирус тарқалиши олдини олиш, бу борада эҳтиёт чораларини кўриш мақсадида фаолиятга оид оммавий тадбирларни вақтинча тўхтатди.

Жумладан, 16 март куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъат музейи, 17 март куни Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройи, 20 март куни Марказий кўргазмалар зали ҳамда Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида белгиланган ижодий кўргазмаларнинг очилиш маросими  номаълум муддатга кечиктирилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг 15 март куни коронавирус масаласига бағишлаб ўтказган брифинги чоғида 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб барча таълим муассасалари, жумладан, олий ўқув юртлари ҳам профилактика мақсадида вақтинчалик карантинга ёпилиши таъкидлаб ўтилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги таълим муассасаларида ҳам ўқувчи-талабаларга 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб  вақтинчалик таътил эълон қилинди.

Ўқувчи-талабаларга мутасаддиларимиз томонидан таътил вақтида коронавирусдан сақланиш учун  мутахассислар тавсия этаётган шахсий гигиена қоидаларига мунтазам амал қилиш, тегишли ҳимоя воситаларидан фойдаланиш ва бошқа зарурий эҳтиёт чоралари кўришга масъулият билан ёндашиш, ҳар биримиз ўз соғлиғимизни асраш орқалигина коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишимиз мумкинлиги тушунтирилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.