loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Миллий ва япон амалий санъати усталари ижоди

12 ноябрь куни соат 11:00 да Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида II Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси доирасида “Амалий санъат дурдоналари” ва “Япон амалий санъати ” кўргазмаларининг очилиши бўлиб ўтди.

Карвон сарой катта залида “Амалий санъат дурдоналари” – кулолчилик, наматдан ишланган асарлар, декоратив ҳайкалтарошлик, гиламдўзлик каби санъат турларида ишланган 100 га яқин асарлар намойишга қўйилди. Кичик залда “Япон амалий санъати” намуналаридан асарлар экспозициядан жой олди.

Кўргазмада Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси “Амалий санъат” шўъбаси аъзоларининг турли услубдаги ишлари, Ўзбекистон Ҳунармандлар уюшмаси аъзоси Анатолий Бабаханяннинг “Тинчлик садоси” инсталляцияси ва ижод намуналари, тожикистонлик Меҳринисо Носированинг “Флора”, “Арфа чалаётган аёл” каби ажойиб батиклари, Шарофат Собированинг гобелен санъати намуналари, Ирина Бурмистрованинг каштачилик асарлари намойиш қилинди.
Марказнинг ўртасида эса таниқли кулол Назира Қўзиеванинг “япон елпиғичлари” ва “ўзбек елпиғичлари” инсталляциялари ўрин олган. Ануш Авакяннинг бир қанча декоратив ҳайкалтарошлик намуналари кўпчиликнинг эътиборини тортиши табиий.

“Япон амалий санъати ” кўргазмасида кунчиқар юртнинг Ёшико Сайто, Нанко Ямагиши ва Араи Юрико, Юкико Мураками, Масаёши Ито, Ниияма Рейко, Ишикава Такако сингари амалий санъат усталарининг ноёб санъат турлари – бадиий сирлаш, батик, кимонога гул солиш, бадиий эмаль услубидаги асарлари тақдим этилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.