loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Пойтахтимизда II Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси бошланди

11 ноябрь куни соат 17:00 да Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида II Тошкент халқаро амалий санъат биенналесининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари, амалий санъати усталари, талаба-ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди

Тасвирий ва амалий санъатимизни намоён этиш, жамоатчилигимизни, қолаверса, жаҳон ҳамжамиятини миллий санъатимиз ривожланиши билан таништириш борасида 2017-2019 йилларда салмоқли ишлар амалга оширилди. Сўнгги икки йил ичида халқаро даражада 6 та ижодий танлов, 3 та фестиваль, 3 та биеннале ва 5 та илмий-амалий конференция ўтказилди.II Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ҳам мана шундай эзгу ишларнинг мантиқий давомидир.

Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётган биенналени Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов очиб берди.
— Биз биеннале доирасида 13 та хорижий мамлакатдан иштирок этаётган 20 нафардан зиёд халқ амалий санъати вакиллари билан беш кун давомида мулоқот қилиб, кўргазма залларимизда биргаликда кўргазмаларимизни очамиз. Қолаверса биеннале давомида бўлиб ўтадиган илмий-амалий конференцияларда халқ амалий санъатининг бугунги асосий муаммоларига биргаликда ечим излаймиз,фикр алмашамиз. Мақсадимиз – нафақат бетакрор санъатимизни дунёга кўрсатиш, балки дунё халқлари амалий санъатидан баҳраманд бўлиш, ўзаро мулоқот майдони яратиш орқали дўстлигимиз ришталарини янада мустаҳкамлашдир, — деди Акмал Нуридинов ўз сўзида ва биеннале иштирокчиларига муваффақият тилади.

Тантанали тадбирда, шунингдек, Япониядан ташриф буюрган иштирокчи Ёшико Саито, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Р.Абдуллаев, Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди раиси Ж.Ризаев сўзга чиқди.

Биенналенинг расмий очилиш тантанаси Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги таълим муассасалари ўқувчи-талабaлари томонидан тайёрланган замонавий ва анъанавий либослар ҳамда ҳамкор “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг “Аъло бахмал” миллий либослар намойишига уланиб кетди.



Биенналенинг биринчи кунида Марказий кўргазмалар залида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда ўзбек ипак гиламларини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратиш мақсадида ташкил этилган “Ипак жилолари” номли ипак гиламлар кўргазмаси, “Сеҳрли чарх наволари” номли ўзбек миллий кулолчилик кўргазмаси, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида “Қадимги қоғоз турлари, ҳаттотлик намуналари ва миниатюра асарлари” кўргазмаси очилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.