loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Таваллуд

Бугун, 27 февраль – Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур таваллуд топган кун.

“ОНАЛИК”, 2020 й. Акмал Нур

Рассом ижоди, унинг мазмун-моҳияти аллақачон жаҳон миқёсида ўрганиш, тадқиқот мавзуига айланган. Озарбайжон Республикаси Миллий Фанлар Академияси мухбир аъзоси, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Эртегин Саломзода:

— Акмал Нур рангтасвири – бадиий-образли чексиз ахборот манбаи, қимматли ва рамзийдир. Унинг асарларидаги барча қаҳрамонларни мангу замондошлар, деб айтиш мумкин. Акмал Нур рангтасвирида муҳаббат, оила, ҳақиқат, англаш, уйғунлик сингари абадий қадриятлар ўз аксини топади, — дея эътироф этади.

Рассомнинг ёрқин ва ҳаётий қувватга эга ижодий фаолияти давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди. 1997 йилда Ўзбекистон Бадиий академиясининг энг ёш ҳақиқий аъзоси,  2001 йилда Давлат мукофоти лауреати, 2003 йилда Ўзбекистон халқ рассоми унвонига эга бўлди. 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Ижод баробарида кўплаб шогирд тарбиялаётган устоз-мураббийга 2021 йилда “Тасвирий ва амалий безак санъати”  ихтисослиги бўйича профессор илмий унвони берилди.                    

Ҳозирга келиб Акмал Нур мўйқаламига мансуб асарлар нафақат юртимиз, балки Марокаш, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Швейцария, Нидерландия, Германия, Бельгия, Австралия, Исроил, Канада, Туркия каби  йирик  давлатлар музейлари ҳамда хусусий  коллекцияларнинг қимматли мулки саналади.

Акмал Нур 2012 йилдан бери  Ўзбекистон Бадиий академиясига раҳбарлик қилмоқда. Унинг бошчилигида ўтган давр мобайнида Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини дунёга кенг тарғиб этиш баробарида халқимизни, ёшларни жаҳон санъати майдонида кечаётган ўзгаришлар, ютуқлар билан яқиндан таништириш 8 марта халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали, 4 марта халқаро Тошкент замонавий санъат биенналеси, 5 бор “Тошкент қувончлари” халқаро болалар расмлари биенналеси, 2 марта Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси муваффақиятли ўтказилди, уларда иштирокчи хорижий давлатлар сафи кенгайди. Бундан ташқари қатор ижодий лойиҳалар, соҳа дарғалари таваллуд саналарига бағишлаб мунтазам йирик тадбирлар ташкил қилинмоқда.

2017 йилдан  Бадиий академия фаолияти барча соҳаларда янгиланишга юз тутган Ўзбекистонга мос равишда жудаям жадаллашди. Ўзбек тасвирий ва амалий санъати, бадиий таълимдаги янгиликларни   намоён этиш, халқаро алоқалар  қамрови кенгайди. Рассомларга муносиб шароит яратишга катта эътибор қаратилди. Пойтахт Тошкент марказида жойлашган Бадиий академия биносининг тўлиқ реконструкция қилиниши эса ижодкорлар учун қувончли воқеа бўлди.

 

Академик, рассом Акмал Нур бугун ҳам ғайрат билан ижод қилмоқда, мухлисларга ҳар йили ўнлаб асарларни ҳавола этаяпти.

Ўзбекистон Бадиий академияси жамоаси  Акмал Ваҳобжоновични таваллуд куни билан самимий қутлайди, барча эзгу тилакларни изҳор этади!

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.