loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Тошкентда “Ўзбекистон-Германия” кўргазмаси очилди

Бугун, 15 сентябрь куни Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий академияси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташаббуси билан “Ўзбекистон-Германия” кўргазмаси ташкил қилинди.

Германиядан ушбу тантаналарда иштирок этиш учун Ўзбекистон-Германия ҳукуматлараро комиссиясининг ҳамраиси, Германия Федерал ҳукуматининг Кўчиб келганлар ва миллий озчиликлар масалалари бўйича вакили, Бундестаг депутати Б.Фабрициус бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

 

Германия делегацияси раҳбари, профессор, доктор Бернд Фабрициус кўргазма очилишида сўзга чиқиб: “Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги ва «Виедергебурт» Ўзбекистон немис маданий марказининг 30 йиллигига бағишланган ушбу кўргазманинг очилиш маросимида иштирок этиш мен учун катта шараф ва бахт. Германия делегациясининг байрам тантаналаридаги иштироки мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланаётганидан далолат беради. Ўзбекистонда яшаётган, барча миллатлар билан тинч ва тотув яшаётган, ўз фуқаролик бурчини адо этиб мамлакат тараққиётига катта ҳисса қўшган кўплаб немислар бор.  Ўзбекистондаги немислар ўз маданияти ва ўзига хослигини сақлаб қолишмоқда. Бундан  биз мамнунмиз. Мен мамлакатингизга фаровонлик ва тинчлик доимо ҳамроҳ бўлишини тилайман”, дея таъкидлади .

Санъат устаси, фотограф, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Ирина Шурнинг кўргазмада ўрин олган фотосуратлари  Ўзбекистон ва Германиянинг гўзал манзаралари, диққатга сазовор жойлари, тарихий-меъморий ёдгорликлари билан таништиради.

Бундан ташқари экспозицияда  Светлана Кеннинг Ўзбекистон халқ амалий санъати асарлари, Ўзбекистон немисларининг “Видергебурт” маданият марказининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон немислари  маданий маркази томонидан ўтказилган “Ўзбекистондаги немис излари” фототанлови иштирокчиларининг ишлари ҳам намойиш этилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.