loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Улкан ижодий ютуқлар пойдевори

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган улкан маърифий ислоҳотлар жараёнида халқимиз манъавиятини, тарихий қадриятларга асосланган миллий тасвирий ва амалий санъатимизни юксалтириш ва мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Айнан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтмиш маданий меросимизни яратиб берган атоқли олимлар, донишмандлар, санъаткорлар ҳаёти ва улар қолдирган маънавий меросни чуқур ўрганиш, аввало, халқимизни, ёш авлодни, қолаверса, жаҳон ҳамжамиятини баҳраманд этиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Президентимизнинг шу йил 21 апрель куни қабул қилинган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ – 4688- сон қарори айтиш жоизки, миллий тасвирий ва амалий санъатимиз истиқболини белгилаб берган, ижодкорлар учун том маънода тарихий аҳамият касб этган навбатдаги ҳужжат бўлди.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг шогирди, “Шарқ Рафаэли”, улуғ мусаввир ва миниатюрасоз Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини жорий йил октябрь ойида мамлакатимизда кенг нишонлаш билан боғлиқ бўлган ушбу қарор буюк мусаввир бобокалонимизнинг бой ижодий меросини халқимизга тўла етказибгина қолмай, соҳа ривожига катта ҳисса қўшган атоқли рассом ва халқ усталари хотирасини абадийлаштириш, ижодий йўналишда олий ўқув юртидан кейинги таълимни ташкил этиш, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шу билан бирга, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаси самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Мамнуният билан таъкидлаш лозимки, ушбу қарор тизимдаги Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятида улкан ўзгаришлар ясайди. Ўзбек тасвирий ва халқ амалий санъатининг келгуси ривожи учун катта туртки беради. Ўзбекистон Бадиий академияси ва унга қарашли ўқув муассасалари, қолаверса, бугунги кунда аъзолари сони 1 минг 500 нафарга яқинлашиб қолган Бадиий ижодкорлар уюшмаси келажагини янада порлоқ қилади. Қарорнинг 3 бўлим, 20 банддан иборат республикада тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурида барча масалалар тўлиқ қамраб олинган. Уларни амалга ошириш муддатлари аниқ белгилаб берилган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2020-2021 ўқув йилидан олий таълим ўқув муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси таъсис этилиши, “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови ташкил қилиниши, Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари асарлари, хаттотлик санъати намуналари, замонавий миниатюра асарлари кўргазмаси ҳамда илмий-амалий конференциясининг ўтказилиши мусаввир бобокалонимиз номини абадийлаштириш баробарида талаба-ёшлар, тасарруфдаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ўқувчилари ижодини қўллаб-қувватлаш, янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилади.

Ўзининг бетакрор гўзал санъати билан нафақат Шарқ халқлари, балки бутун дунё халқлари маданияти тарихида сезиларли из қолдирган, дунё рассомлари ижодига ижобий таъсир ўтказган даҳо ижодкордир. Ўз даврининг буюк рассоми XV аср иккинчи ярми Ҳирот миниатюра мактаби асосчиси сифатида шуҳрат қозонган. Беҳзод ижодидаги ҳаётий мавзулар ва уларнинг моҳирона талқини рассом асарлари жаҳон санъати ноёб дурдоналари сифатида жуда катта маънавий қиймат ва аҳамиятга эгалигини кўрсатади.

Айтиш лозимки, тасвирий санъат ижодкорларининг имконият ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш, рангтасвир ва амалий санъат асарларининг юксак сифатини таъминлаш, жумладан, мавжуд моддий-техник базанинг ночорлиги, малакали кадрлар етишмаслиги, халқаро ижодий ва илмий алоқаларни ривожлантириш ҳамда ижодкорларни рағбатлантириш борасида кейинги пайтларда ўзига хос муаммолар тўпланиб қолган, айниқса, соҳада кадрлар тайёрлаш ишлари рисоладагидек эмас эди. Шу кунга қадар тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик ҳамда музейшунослик йўналишларида педагог ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими мавжуд бўлмаганини айни муаммолар сирасига киритиш мумкин. Қувонарлиси, қарорга мувофиқ Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази, рассомлик устахонаси ташкил этилади. Бу билан эса кўплаб ёш иқтидорли ижодкорлар, яъни талабалар олдида олийгоҳни битирганларидан кейин ўз ижодини давом эттиришда туғиладиган муаммолар барҳам топади. Режага кўра, республика миқёсида камида 10 нафар иқтидорлилар сараланиб, улар ижодий устахоналар билан таъминланади.

Қолаверса, улар хорижий сафарга юборилиб, тасвирий санъат ривожида улкан из қолдирган хориж намояндалари асарлари оригиналлари билан танишишига шароит яратилади.

Яна шуни таъкидлаш керакки, шу кунга қадар тасвирий, амалий санъат, дизайн, санъатшунослик, музейшунослик соҳасида бадиий таълим бўйича малака ошириш марказлари ягона бир тизимга солинмаган эди. Эндиликда айнан соҳа мутахассислари – халқ рассомлари, усталар, академиклар иштирокида малака ошириш тизими йўлга қўйилади. Бу ўз навбатида, бадиий таълим сифати ошишига замин ҳозирлайди.

Қарор билан мусаввир бобокалонимиз меросини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Камолиддин Беҳзоднинг асарлари бугунги кунда АҚШ, Франция, Германия, Миср, Эрон, Россиядаги музейларда сақлаб келинмоқда. Буюк мусаввир ва унинг шогирдлари асарлари факсимилесини яратиш олдимизга қўйилган муҳим вазифалардан биридир. Маълумки, факсимиле – иккинчи оригинал ҳисобланиб, оригинал билан тенг саналади. Бу миллий тасвирий санъатимиз ҳаётида жуда катта ютуқ бўлади.

Шуни комил ишонч билан айтамизки, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори рассомларимизни, усталаримизни янги ижодий уфқлар сари илҳомлантиришига шубҳа йўқ.

 

Акмал Нуридинов,

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.