loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

“Энг улуғ,энг азиз” анъанавий танловининг кўргазмаси очилди

Бугун, 29 август куни Тошкент фотосуратлар уйида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари номинацияси бўйича Республика босқичи кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танлови Республика босқичи кўргазмасида “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган мамлакатимизни ҳар томонлама обод қилиш, унинг иқтисодий қудратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўси ошиб бораётгани, пандемия шароитида ҳам давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгаришлар изчил давом этаётгани ҳаётий мисоллар асосида акс этган ижодий асарлар ўрин олди.

Кўрик-танлов кўргазмасига 2019 йилнинг 15 августидан 2020 йилнинг 15 августигача бўлган даврда яратилган тасвирий санъат асарларининг сараланган намуналари намойиш этилмоқда.

Ғолиблар 2020 йил сентябрь ойида тақдирланадилар.

Коронавирус пандемияси сабабли карантин қоидаларидан келиб чиқиб, ижодий ишлар онлайн шаклда қабул қилинди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.