loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ўзбек мутахассисилари Японияда

Шу кунларда Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи вакилларидан иборат делегация Японияда бўлиб турибди.

2015 йилда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Япониянинг Aичи префектураси тасвирий санъат ва мусиқа университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, ўтган давр ичида ушбу меморандум доирасида ҳамкорликда қадимий Самарқанд қоғозини ўрганиш ва тайёрлашни қайта тиклаш борасида қатор тадқиқот ишлари олиб борилди. Лойиҳа мазмуни ҳамда тадқиқот доирасида олиб борилган ишлар тўғрисида Япония ва жаҳон санъат намояндаларини, соҳа мутахассисларини Самарқанд қоғози билан кенгроқ таништириш мақсадида Aичи префектураси тасвирий санъат ва мусиқа университетида халқаро конференция ташкил этилди.

Ушбу нуфузли конференцияда лойиҳанинг бевосита иштирокчилари – Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея, Ўзбекистон ва Япония ҳамда фахрий меҳмон сифатида Россия Федерациясининг “Эрмитаж” музейи қоғоз бўйича мутахассислари, шунингдек, Япониянинг турли олий таълим муассасаларининг вакиллари қатнашдилар. Унда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори Беҳзод Ҳожиметов ҳамда доцент Мирҳамид Собиров маъруза ўқиди. Ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилган ишлар, Буюк ипак йўлида энг кўп харид қилинган, дунёнинг энг яхши қоғозларидан бирига айланган ноёб маҳсулот – Самарқанд қоғозини тайёрлаш усули тикланаётганига тўхтанилган маърузалар конференция қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабза Қаршиева “Самарқанд қоғози тадқиқоти, исломий қўлёзмалар ва миниатюралар” номли илмий-амалий семинарда “Камолиддин Беҳзод ва Шарқ миниатюра санъати” мавзусида маъруза қилди.

Ғарбда “Шарқ Рафаэли” деб тан олинган, ўзининг бетакрор ижоди, гўзал санъати билан нафақат Шарқ, балки дунё маданияти тарихида ўчмас из қолдирган забардаст мусаввир Камолиддин Беҳзод ва унинг бой меросига бағишланган мазкур мавзу хорижий иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Маърузачи ва мутахассисларимиз хорижий иштирокчиларнинг китобот, ҳаттотлик, миниатюра санъати ва уларни яратиш технологиялари, хусусан, бой анъаналарга эга миниатюра санъатимиз ва улардаги рамзий маънолар тўғрисида саволларига батафсил жавоб беришди.

Семинарда Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми Шомаҳмуд Муҳаммаджонов ҳам иштирок этди ва “Китобат санъати турлари” мавзуида маъруза қилди.

Илмий-амалий семинардан сўнг бўлиб ўтган ўзаро мулоқотлар доирасида 2020 йилнинг 3-6 март кунлари Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида қўлда тайёрланган қоғоздан яратилган турли санъат асарларининг кўргазмасини ташкил қилиш ҳамда шу йўналишга бағишлаб илмий семинар ўтказиш масалалари келишиб олинди.

Сафар давомида мутахассисларимиз Япониянинг диққатга сазовор жойларида ҳам бўлишмоқда. Жумладан, машҳур қадимий қўлда қоғоз тайёрлаш устахонаси – Эчизен ваши ҳамда Қоғоз музейига саёҳат уюштирилди. Мутахассисларимиз япон қоғозини қўлда тайёрлаш жараёнларини кўздан кечиришди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Ўзбекистон илмий делегациясининг Японияга ташрифи давом этаяпти.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.