loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рамзлар ва қадриятлар акс этган асарлар

4 октябрь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, академик Акмал Нурнинг «Акмал Нур рангтасвирида рамзлар ва қадриятлар » номли альбом-каталогининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Рассомнинг 196 та асари жамланган, 252 бетли мазкур альбом-каталог «Zamon-press-info» нашриёт уйи томонидан тайёрланиб, Туркиянинг «Mega-basim» босмахонасида рус ва инглиз тилларида чоп этилган.

Тақдимот маросимида рассом ижодининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди, фикр алмашинди.
Тақдимотда иштирок этган Озарбайжон Республикаси Миллий Фанлар Академияси мухбир аъзоси, санъатшунослик фанлари доктори, профессор, каталог матни муаллифи Эртегин Саломзода рассомнинг ижоди ҳақида ўз фикрларини баён этди.
— Акмал Нур рангтасвири – бадиий-образли чексиз ахборот манбаи, қимматли ва рамзийдир. Унинг асарларидаги барча қаҳрамонларни мангу замондошлар, деб айтиш мумкин. Рассом картиналарида персонажлар жуғрофияси ва тарихидан қатъи-назар аниқ умумий, ўзгармас менталь фазода, қадимий рамзлар билан доимий мулоқотда бўлади. Акмал Нур рангтасвирида муҳаббат, оила, ҳақиқат, англаш, уйғунлик сингари абадий қадриятлар ўз аксини топади,— деди нотиқ ўз сўзида.

Тасвирий санъатда рангтасвир жуда мураккаб жанр. У юксак дид, нозиктаъб кишиларгагина ўз сирларини очади. Рангтасвирнинг мазмун-моҳияти ҳаммага ҳам аниқ, тушунарли бўлавермайди. Шундай экан, Акмал Нур асарлари бу қадар оммалашиши, халқ орасида кенг ёйилгани сири нимада?
— Назаримда, бу рассомнинг ижодининг илк палласидаёқ халқ севган мавзуларга, миллий хусусиятларга алоҳида диққатни қаратганлиги билан боғлиқ бўлса керак. Тўғри, халқона мавзуга бошқа рассомлар ҳам қўл уришган ва уришади. Аммо оддий одамлар ва юксак дидли мухлис учун бирдай тушуниладиган, мана шу икки тоифа учун ҳам мафтункор бўлган рангтасвир яратишга ҳамма рассом ҳам эришолмайди. Бундан ташқари, Акмал Нур рангтасвири қаршисида уни тушунган томошабин ҳам, тушунмаган кишилар ҳам бир зумга бўлсин, тўхтаб қолиши ажабланарли ҳол эмас.
Оддий томошабин асардаги жозибали тасвирнинг ранглару шаклларига мафтун бўлса, ҳақиқий мухлис унинг асари тасвири юзидаги пардани аста кўтариб, асл гўзалликда яширинган маъно-ю мажозларни кўра олади, унга сингдирилган мазмунни англайди, — дея таъкидлайди санъатшунос Бинафша Нодир.

Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари, санъатшунослар, хорижлик санъатшунослар, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари, рангтасвир мухислари, ОАВ вакиллари иштирок этди.