loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Андижон ижодкорлари кўргазмаси

11 сентябр куни Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими галереясида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида  Андижон вилояти тасвирий ва амалий санъат ижодкорларининг ижодий кўргазмаси очилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида тадбир ташкилотчилари саналган Бобур халқаро жамоат фонди, Андижон вилояти маданият бошқармаси, Андижон вилояти  туризм ва спорт бош бошқармаси,  «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси вилоят бўлими, Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи, Андижон давлат университети, Андижон вилояти ёшлар маркази, Андижон вилоят савдо саноат палатаси бошқармаси вакиллари, шунингдек, Андижон давлат университети, Андижон шаҳридаги санъат мактаби, Андижон ИСМИ,  1,2,3-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаблари устоз ва ўқувчилари  иштирок этдилар.

Тадбирни дастлаб  Бобур Халқаро жамоат фонди раҳбари Зокиржон Машрабов очиб берди, сўнг вилоят БИУ аъзоси, андижонлик уста кулол Мирзабахром Абдуваҳобов барчани янги кўргазма очилиши билан қутлади.

Кўргазмада сўз олган Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби интернати директори  Абдурафиқ Рахимов бугунги кунда юртимизда тасвирий санъат соҳасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар самарасига ушбу ихтисослаштирилган санъат мактаби мисолида тўхталиб, бу йил ушбу даргоҳ  ўқувчилари ва устозларининг республика ва халқаро  танловларларда қўлга киритган  ютуқлари, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига  киришдаги  юқори кўрсатгичларни кўриш мумкинлигини эътироф этди.

Тадбирда сўз олган БИУ Андижон вилояти бўлими раиси  Расулжон Исманов ва санъатшунос Дилшодбек Юсуповлар кўргазмада асарлари ўрин олган марҳум устоз ижодкорлар Нажмиддин Казиев, Низомиддин Холиқов, Обиджон Бакиров хаёти ва ижоди, шунингдек, бугунги кунда ижод қилиб келаётган Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, Андижон ИСМИ ўқитувчилари ва эркин ижодкорларнинг фаолиятига  батафсил тўхталиб, ижодкорларнинг келгуси фаолиятига муваффақият тилаб барчани янги кўргазмага таклиф этдилар.

 

Бу каби кўргазмалар ташриф буюрувчиларнинг қалбларига гўзаллик,  ижодкорларга ўзаро  тажриба алмашиш,  ёш ижодкор учун эса   амалий мактаб бўлиб хизмат қилади. 

Барча тасвирий ва амалий санъат ихлосмандларини  янги кўргазмага таклиф этиб қоламиз

Улугбек Тажибаев, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими бош мутахассиси    

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.