loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Бахтли юртнинг бахтиёр болалари

Ёзнинг биринчи куни  мамлакатимизда келажагимиз эгалари учун турли концертлар, кўргазмалар, сайллар, спорт мусобақалари ва турли хил тадбирлар ўтказилади, истироҳат боғлари эса болаларнинг табассумлари билан гўёки мўъжизалар дунёсига айланади, ушбу байрам ҳар йили дилларда қувонч ила нишонланади. Сабаби Ўзбекистон – болажон юрт, халқимиз эса азалдан болажон халқ.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон қўшилган илк халқаро шартномалар қаторида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидан сўнг айнан Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция туриши ҳам бунинг яққол исботидир.

Шу муносабат билан бугун, 1 июнь куни  Ўзбекистон тарихи давлат музейида Ўзбекистон Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Республика ихтисослаштирилган дизайн мактаби билан ҳамкорликда   “Болаларга беринг дунёни!” шиори остида тадбир ташкил қилинди.

Тадбир доирасида бадиий наққошлик, графика, кулолчилик, мунчоқли безак йўналишларида маҳорат дарслари ўтказилди.  

Шунингдек, музейнинг “Мўъжизалар олами” бўлимида 6 ой давомида ўтказилган маҳорат дарсларида болаларнинг ўз қўллари билан чизган расмлари, лой ва мунчоқдан ясаган буюмларидан “Ёш истеъдодлар ижодидан” кўргазмаси намойиш этилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти катта ўқитувчиси Наримон Шарипов – линогравюра, Республика ихтисослаштирилган дизайн мактаби ўқитувчилари – Жамшид Муродов – ҳайкалтарошлик, Равшан Мелибоев – наққошлик, Камолиддин Доминжонов – кулолчилик бўйича маҳорат дарслари ўтишди.

Болаларни ҳимоя қилиш куни байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.