loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Бир портрет тарихи

Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 684 йиллигига

Буюк саркарда, соҳибқирон Амир Темур портрети муаллифидан хабарингиз борми? Келинг сизга бу ҳақда маълумотлар бериб ўтсам.

Малик Набиев 1916 йилда Тошкентда туғилган. Тасвирий санъатга бўлган кучли иштиёқ рассомни 1933 йилда П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртига етаклайдит. 1937 йилда билим юртини имтиёзли тамомлаб, ёш бўлишига қарамай ушбу даргоҳда педагог сифатида иш бошлайди.

1962 йилда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтида бадиий графика йўналишида таҳсилни давом эттиради. Кейинчалик ранг тасвир устаси ушбу муассасада бир неча йиллар ёш рассомларга тасвирий санъат сирларидан сабоқ бериб келади.

Ижодкор асосан тарихий жанрга кўп мурожаат қилади. Тарихий ва атоқли шахсларнинг портретини маҳорат билан ишлайди. «Македонияликларга қарши Спитамен қўзғолони“, “Абу Райҳон Беруний“, “Бобур“, “Амир Темур“, “Ибн Сино“, “Абдураҳмон Жомий“, “Алишер Навоий“, “Рудакий“, “Ал-Розий“, “Ал-Хоразмий“ каби шонли ўтмишимиз қаҳрамонлари портретларини “Фитрат“ “Усмон Носир“ “Тамара Хоним“ сингари замондошлари суратларини чизади.

Шубҳасиз рассом ижодида 1994 йилда яратилган Амир Темур портретининг ўрни беқиёс бўлди. Ижодкор асар яратилишидан олдин салкам ярим аср давомида ўқиб ўрганди. 1941 йил июнь ойида Амир Темур даҳмаси, Мирзо Улуғбек ва Бибихоним қабрлари очилган. Археологик тадқиқотлар натижасида қабрдан топилган тарихий ашёлар Ўзбекистон халқлари тарихий музейига олиб келинади. Келтирилган буюмлар орасида Соҳибқирон Амир Темур бош суяги ҳам бўлган. Герасимов томонидан буюк саркарда ҳайкали ишланади. Ушбу ҳолат гувоҳи бўлган Малик Набиевда Амир Темур портретини чизиш истаги туғилади. Салкам ярим аср давомида Амир Темур ҳаётини ўрганиб, ижодий изланиш олиб боради.

Илмий-тадқиқот ишлари натижасида Шарқ миниатюра тарихини жумладан эллик йиллик вақт мобайнида Ҳиндистон Калкутта Бобмай шаҳри музейларини, Эроннинг Теҳрон Исфаҳон Туркиянинг Истамбул, Кунё Измир ва Англиянинг Британия, Испания каби йирик давлат музейларида сақланаётган Амир Темур портретларини илмий жиҳатдан ўрганишга киришади. Ўзаро солиштирув жараёнида рассом илмий манба ҳамда археологик ҳужжатларга мурожаат қилиб, асар устида ишлайди.

1994 йилда асар тўлиқ ҳолда келади. Таассуфки бир ҳолат инсонни ҳайратга солади. Ушбу тарихий воқеани айтиб ўтмасликни иложи йўқ. Рассом бутун ижодий фаолиятини Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетида давом эттирган. 1993 йил олийгоҳнинг бадиий графика устахонасида ёнғин келиб чиқади, минг шукрки, тайёр ҳолатга келаётган шоҳ асарлар шу ерда сақланаётган бўлиб, “Соҳибқирон Темур”, “Мирзо Бобур” асарлари ҳеч қандай талофат кўрмай, тилсиз ёвдан омон қолади.

Энди асар таҳлилига ўтамиз. Биз тасвир марказида Амир Темур сиймосини, унинг тийрак нигоҳини кўрамиз. Буғдойранг юзли, жиддий қиёфали, ажинлардан чизиқ тортган пешона, бир нуқтага тикилган кўзлар, рассом ушбу ҳолатда саркарда ҳарактерини очиб бера олган.

Соҳибқироннинг умри жангу-жадалларда ўтганини, юртга ҳукмронлигини қиличга таянган чайир, бақувват қўллари айтиб турибди. Амир Темур либослари ёрқин ва оловранг рангларда тасвирланган. Қимматбаҳо либоси ёқут кўзли узуги тилла тожи ва аслзодаларга хос ҳашам билан жимжимадор ислимий нақшлар билан безатилган. Либосга ҳамоҳанг қизил ва тилла суви юритилган ёғоч тахт турфа ишловлар билан мураккаблик касб этган. Тасвирнинг орқа планида мовийранг нақшлар девор юзасини бойитган. Ён бурчакдан шаҳарнинг ички кўриниши кўзга ташланиб, Соҳибқирон томонидан қурдирилган бинолар, меъморий иншоотлар ўз аксини топган. Юртда тинчлик ҳукмрон, буни баҳор чоғи гуллаган дарахт тимсолида кўришимиз мумкин.

Портрет бадиий ва тарихий қиёфада ранглар уйғунлигида, моҳир қўллардан кўчган мўйқалам сеҳри орқали дунёга келган. Малик Набиев 1968 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, 1992 йил Ўзбекистон халқ рассоми, 1997 йил Ўзбекистон Бадиий академияси академиги бўлди, 2000 йилда “Буюк хизматлари учун“ ордени билан тақдирланди.

Нодира МИРЖОНОВА,
Камолиддин Беҳзод номидаги МРДИ II босқич талабаси

#vahimasizkarantin
#uydaqolingvaijodqiling

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.