loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Қўшиқлар тасвири

Бугун, 18 май куни Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Ботир Зокиров фонди ҳамкорлигида  Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигига бағишланган “Менга қўшиқни тасвирлаб бер” номли бадиий кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди.

 Ботир Зокиров (1936-1985 йиллар) номи билан Ўзбекистон эстрада-мусиқа санъатининг яратилиши ва ривожланиш тарихидаги бутун бир давр  боғлиқдир. Ижодида ўз даврининг энг яхши анъаналарини мужассам этган Ботир Зокиров нафақат ўз ватандошлари қалбида, балки ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги жаҳон саҳнасининг энг ёрқин юлдузлари қаторидан муносиб ўрин эгаллашга муваффақ бўлди.

Ҳозирги кунга қадар ҳам Ботир Зокировнинг ижодий мероси ўз қадри ва аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Унинг номи билан кўчалар, санъат мактаблари аталмоқда. Ҳар йили унинг шарафига ўзбек эстрадасининг ёш ва тан олинган вокалчилари иштирокида ижодий учрашувлар, концертлар, бадиий кўргазмалар, танловлар ва фестиваллар ўтказилмоқда.

Ботир Зокиров ижодининг кўплаб мухлислари учун 2021 йил айниқса муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” ги қарори халқ томонидан чинакам севилган “Севги ва бахт қўшиқчиси” деб эътироф этилганининг яна бир яққол белгисидир.

Юбилей тадбирлари доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси Ботир Зокиров номидаги жамғарма билан ҳамкорликда “Менга қўшиқни тасвирлаб бер” номли бадиий  кўргазмасини тақдим этиш шарафига муяссар бўлди. Унда таниқли рассомлар – Жавлон Умарбеков, Файзулла Ахмадалиев, Акмал Нур, Владимир Бурмакин, Ғафур Қодиров, Акмал Икромжанов, Нодира Орипова, Гўзал Алиматова, Хуршид Зияханов, Тоҳир Каримов, Гулнора Раҳмонова ва бошқа кўплаб истеъдодли рассом ва ҳайкалтарошлар – Соли  Қодиров, Жасвант Анназаров, Оллоберган Оллоберганов, Фарид Ахметзянов, ва Тўлаган Таджиходжаевларнинг асарлари иштирокида кўргазма ташкил этилди.

Ушбу кўргазманинг яратилиш ғояси ва экспозициянинг номи тасодифий эмас. Маълумки, Ботир Зокиров ҳам ажойиб рангтасвирчи рассом эди. Шу муносабат билан 60-йилларда Ўзбекистон телевиденияси томонидан Ботир Зокировнинг “Менга қўшиқни тасвирлаб бер” номли ажойиб филм-концерти суратга олиниб, хонанда ўзининг машҳур қўшиқларини куйлаб, кичик ўғли билан бирга уларни иллюстрациясини яратган. Мусиқий тематика-ушбу лойиҳанинг асосий концепцияси ҳисобланади.

Мазкур акция иккинчи маротаба ўтказилаётган бўлиб, бу Ўзбекистон Бадиий академияси ва Ботир Зокиров номидаги жамғарманинг яхши анъанаси бўлишига умид қиламиз.

Кўргазма 30 майга қадар давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.