loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Буюк келажак пойдевори

5 декабрь куни Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги тасарруфидаги Тошкент архитектура-қурилиш касб-ҳунар коллежи ташаббуси ҳамда Низомий номидаги ТДПУнинг “Технологик таълим факультети” ҳамкорлигида ўқитувчи ва талабаларнинг “Буюк келажак пойдевори” номли бадиий кўргазмаси очилди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг биринчи йўналиши ижросини таъминлаш доирасида ташкил қилинган ушбу кўргазманинг мақсади – ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат ва меъморчилик соҳасига кенг жалб этиш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратиш, шу билан бирга уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга қаратилган.

Кўргазмада ҳар иккала ўқув масканининг устоз ва талабалари ўзларининг меъморчилик, тасвирий санъат ва дизайн соҳасидаги бадиий ишлари билан иштирок этишмоқда. Унда Тошкент архитектура-қурилиш касб-ҳунар коллежи ўқувчилари томонидан тайёрланган Ёшлар иттифоқи бинолари (“Ёшлар ижодиёт саройи”, Шоҳруҳ Комилов, ТАҚК талабаси, раҳбар Иргашев Равшон), замонавий кўп қаватли тураржой бинолари, даволаш масканлари, замонавий боғчалар ва мактаблар, қишлоқ шароитига мослаштирилган уй-жойлар, олий таълим муассасалари, адлия бинолари ҳамда меҳмонхона (“Оқ олтин”, Сирожиддин Соқиев, Шоҳруҳ Исроилов, ТАҚК талабаси, раҳбар Иргашев Равшон) лойиҳа ва макетлари тақдим қилинмоқда.

Шунингдек, экспозицияда тасвирий ва амалий санъат бўйича ишланган ижодий ишлари ҳам намойиш этилмоқда. Улар орасида Тошкент архитектура-қурилиш касб-ҳунар коллежи талабаси Гулруҳ Неъматжонова (“Қадимги Хоразм”), Нафиса Исматова (“Миллий натюрморт”)нинг  устозлари Ўринбой Нуртаев раҳбарлигидаги рангтасвир  ҳамда Низомий номидаги ТДПУнинг “Технологик таълим факультети” ўқитувчиси Марҳабо Магдиеванинг Бухоро каштачилик мактаби усулидаги амалий санъат буюм (такяпўш, сўзана, халат)лари алоҳида ўрин тутади. Бундан ташқари томошабинлар ҳар иккала таълим ўчоғи профессор, ўқитувчилари ва талабаларининг турли жанрда ишланган ижодий ишларини ҳам томоша қилишлари мумкин.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.