loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Буюк шоирга эҳтиром

Бугун 6 июнь куни Пойтахтимиздаги Пушкин ҳайкали жойлашган майдонда  таниқли рус шоири Александр Пушкин таваллудининг 222 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид очиб берди. Сўзга чиққанлар Пушкиннинг дунё адабиётига қўшган ҳиссаси ҳақида атрофлича маълумотлар берди. Таниқли шоирлар Пушкин ижодидан янги таржималарни ўқиб эшиттирди. Ёш ижодкорлар шоир шеърларидан намуналарни ўзбек ва рус тилларида ўқиди.

Кўплаб қардош адабиётлар қатори ХХ аср ўзбек адабиётининг тараққиётида Пушкин ижодининг таъсири сезиларлидир. Хусусан, унинг кўплаб асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Масалан, “Борис Годунов”, “Дубровский”, “Кавказ асири” Чўлпон томонидан (1936-37), “Евгений Онегин” Ойбек томонидан (1937), “Боқчасарой фонтани” Усмон Носир томонидан (1937), “Капитан қизи” Абдулла Қаҳҳор томонидан (1939), “Руслан ва Людмила” Миртемир томонидан (1948) ўзбек тилига ўгирилган.

Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов, Рус миллий маданият маркази раҳбари Сергей Миронов ва бошқалар ёшларни умумбашарий руҳда тарбиялаш, жамиятда аҳиллик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда адабиёт муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Тадбир сўнгида иштирокчилар буюк шоир ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.