loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Бу йилги сайлов жараёнларининг ўзига хос жиҳатлари нималардан иборат?

Аввал хабар берганимиздек,  23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссияси томонидан 2021 йил 24 октябрь Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб белгиланди. Ушбу муҳим сиёсий жараёнга старт берилиб, сайлов кампанияси 23 июлдан бошланиши эълон қилинди.

Мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижлик ва маҳаллий журналистлар, сиёсий партиялар вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низомхўжаев мазкур сайлов янгиланган миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъкидлаб, сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берди.  

Таъкидланганидек, бу йилги сайлов жараёнларининг бир нечта ўзига хос жиҳатлари мавжуд бўлиб, аввало, мазкур жараён илк бор 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Шунингдек, Президент сайлови шу йил 8 февралда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, октябрь ойида бўлиб ўтади.  

Маълумки, аввалги сайловлар декабрь ойида ўтказилар, ноқулай қиш об-ҳавоси фуқароларнинг овоз бериш жараёнларида қатнашиши билан боғлиқ муаммоларни юзага келтирар эди. Сайловнинг октябрда бўлиб ўтиши эса фуқароларга ҳар томонлама қулайлик яратади. Шу билан бирга, қонунчиликка кўра, Президентнинг лавозимга киришиши сайловдан 2 ой ўтиб амалга оширилади. 

Бу эса кейинги йилги Давлат бюджетномасини тасдиқлаш, Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ташкилий жараёнларни амалга ошириш ишларини орқага сурар эди. Ушбу сиёсий жараённинг октябрь ойида ўтказилиши эса барча ташкилий жараёнларни янги йил бошидан, ўз вақтида амалга ошириш имконини беради.  

Таъкидланганидек, МСК матбуот маркази ва ҳудудий бўлинмалари журналистлар ва жамоатчиликка сайловга оид масалалар бўйича тезкор ахборот етказилишини таъминлайди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг “Saylov-2021” веб портали ва бошқа ахборот ресурслари юритилишини таъминлайди. Жорий йилги сайловнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда 5 та сиёсий партия иштирок этиб, улар ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлади.  

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари сайлов кампанияси билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.