loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ватан манзараларини меҳр билан тасвирлар эди…

9 Май – Хотира ва Қадрлаш куни

Саломов Баҳодир Бақоевич (1945-2012).

Бухорода илк профессионал маълумотли ва биринчи бўлиб бухоролик рассомлар гуруҳини ташкил қилган рассом. 

Бухоро вилоятининг Вобкент туманида туғилди. Бобоси – уста Мавлон ганчкор Бухорода кўпгина иншоотларни безаган ва машҳур уста Ширин Муродов билан ҳамкорликда фаолият юритган.

Баҳодир Саломов ёшлигидан бобосидан ганч ўймакорлиги сирларни ўрганади. Бухоро шаҳридаги тўгаракларга қатнайди.

Низомий номидаги Тошкент педагогика институтининг бадиий – графика факультетини тамомлаган. 1972 йилдан кўргазмаларда иштирок эта бошлайди. 1979 йилда Бухоро шахрида унинг биринчи шахсий кўргазмаси очилди.

Қишлоқ аҳлининг маънавий дунёсини рангларда кўрсатиш, она заминга меҳр туйғулари рассом ижодий йўналишининг бош ўзагидир.

Автопортрет

— Рассом қишлоқ манзараларини юксак меҳр–муҳаббат билан тасвирлайди, инсоннинг табиатдаги ўрнини файласуфона мушоҳада қилади. Асарларида воқелик ижодий тасаввурни ҳаракатга солувчи унсур сифатида намоён бўлади. Бунда шубҳасиз, унинг тасаввури кенглиги, воқеликнинг энг муҳим қонуниятлари ва муаммоларини илғаб юзага чиқариш қобилияти сезилиб туради, — деб фикр юритади санъатшунос В.Пак. 

Академик рассом Янис Салпинкиди рассом ҳақидаги хотираларини шундай баён қилади: “Баҳодир ҳиссиётга бой, беғараз, қалбини тўлдирган туйғуларни ҳаяжон билан идрок этувчи ажойиб инсон, бир вақтнинг ўзида ҳам моҳир ташкилотчи, ҳам бизга илҳом берувчи серқирра истеъдод сохиби эди.

Айнан у сабаб биз, яъни бадиий графика факультети талабалари Бухорога меҳр қўйдик. Ўзбекистондаги энг билимли ва узоқни кўра билувчи санъатшунослардан бири саналган Валентина Львовна Лаковская ўз маърузаларида Баҳодирнинг ранг тасвирини кўп бора мисол келтириб, унинг ижодини миллий санъатимизнинг юксак ютуғи, дея баҳолаган. Ваҳоланки, ўша пайтда бу рассомни ҳали кўпчилик танимасди. Ундаги истеъдодни илғаш, кўриш учун Лаковскаядек теран нигоҳга эга бўлиш зарур эди-да.

Баҳодирнинг саъй-ҳаракати билан Бухоро педагогика билим юртида рассомлик йўналиши очилди. Бу даргоҳдан ўнлаб моҳир рассомлар, тасвирий санъат ўқитувчилари етишиб чиқди.” 

Тасвирий санъатга содиқ қолиб, она юрт манзараларини чексиз меҳр билан тасвирлаган Баҳодир Саломов сиймоси бухоролик рассомлар томонидан эъзозланиб, хотирлаб келинмоқда.

Моҳигул МАВЛОНОВА,
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Бухоро вилоят бўлими бошлиғи

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.