loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ватан ҳимояси – муқаддас бурч!

17 январь куни Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги П.П.Беньков номли Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган маърифий тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда ушбу мактаб ўқувчи ёшлари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, Ўзбекистон Республикаси ИИВ тасаруфидаги мактаб-интернат ўқувчилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ҳар қандай давлат борки, у энг аввало, ўз истиқлолини ҳимоя қила олиши шарт. Акс ҳолда бундай мамлакат ўз мустақиллигини бой бериши турган гап. Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч, эркин ва фаровон ҳаётининг мустаҳкам кафолати бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўтган 28 йилда ғоят мураккаб ва айни пайтда шонли шаклланиш йўлини босиб ўтгани, айниқса, кейинги йилларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланиб бораётгани таъкидланди.

Буларнинг барчаси бутун Ўзбекистон халқида, айниқса, ёшларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотаётгани, бинобарин, ҳар томонлама баркамол, мард, жасур, ватанпарвар йигит-қизларни тарбиялаш кенг кўламли вазифа эканлиги айтиб ўтилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ тасарруфидаги мактаб-интернат ансамбли, ҳарбийлаштирилган спорт чиқишлари ва мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна дастури намойиш этилди ва барчада ёрқин таассурот қолдирди.

Тадбир якунида меҳмонларга мактаб ташаккурнома ва совғалари улашилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.