loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

График рассомнинг «Қишлоқ хотиралари»дан

Тасвирий санъат оламида графика санъати рангтасвирдан фарқли ўлароқ, фикрни оқ ва қора рангларда баён этади. Юртимизда графика санъатига ҳисса қўшиб келаётган рассомлар саноқли  десак,  адашмаган бўламиз. Кам бўлсада, салмоқли ижод этаётган рассомларимиз устахонасида графиканинг ноёб тўпламлари жамланмоқда.

Ана шундай рассомлардан бири ёш истеъдод соҳиби Пурхат Жолдасовдир. 1988 йили Нукус шаҳрида туғилган. П.Жолдасов  Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг бакалавр ва магистратура босқичларини тамомлаган. Айни пайтда Нукус давлат педагогика институти ўқитувчиси.

Эътиборингизга ёш рассомнинг «Қишлоқ хотиралари»  номли асарини ҳавола этамиз. Бир ёзувчи айтганидек, ижодкорда қишлоқнинг қалби бўлиши лозим экан.

Қишлоқ ҳаётида самимийлик,  соддадиллик,  беғуборлик,  бир сўз билан айтганда,  ижодкорнинг завққа ошно қалби яшайди. Рассом хотираларни қора фонда,  оқ ранг билан ифодалар экан,  ортга қайтмас йилларни соғинч билан ёдга олишини мазкур асарда гавдалантиради. Қаршингизда олисларга боқиб турган болакай,  қўлида айрон ушлаган ҳолатда ўтирибди. Ўнг оёғининг пастки қисмига бошини қўйганча ит Сизга қараб тургандай гўё. Олисларга чўзилган йўллар устида оқ булутлар ва ҳаёт қайнаётган ўтов   асарнинг янада қимматлилигини,  рассом соғинчларини батафсилроқ ёритиб беради.

Пурхатнинг бу каби асарлари жуда кўп. У ҳар бир асарига фалсафий фикрларни жо этаркан,  томошабинни ўйлашга чорлайди. Унинг наздида,  томошабинни ўйлашга чорловчи асаргина маънавиятни оширишга хизмат қилади.

Шоҳиста Абдурахманова,

санъатшунос

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.