loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Гродно университети билан ҳамкорлик ўрнатилди

Маълумки, шу кунларда Беларусь Республикаси таълим вазири Игорь Карпенко бошчилигидаги делегация юртимизда меҳмон бўлиб турибди.

Бугун, 5 март куни  Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда ушбу делегация таркибида юртимизга ташриф буюрган Беларусь Республикасининг Янка Купала номидаги Гродно давлат университети ўқув ишлари бўйича проректори Юрий Белих  ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Меҳмон дастлаб институтда мутахассислик фанларидан ўтилаётган дарс жараёни билан танишиб, профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан суҳбатлашди ҳамда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган тасвирий санъат кўргазмасини томоша қилди.

Учрашувда икки давлат ўртасида сўнги йилларда қатор соҳалар, шу жумладан, таълим бўйича ҳам  ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётгани эътироф этилди. Бадиий таълим соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, биргаликда кадрлар тайёрлаш масалалари ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.

Янка Купала номидаги Гродно давлат университети мамлакатнинг халқаро миқёсда ҳам обрў қозонган нуфузли таълим даргоҳларидан бири бўлиб, бугунги кунда 168 та хорижий олий ўқув юртлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Учрашув якунида икки олий таълим муассаси ўртасида илмий тадқиқотлар ва академик фаолиятга оид илмий тажриба ва илмий маълумотлар алмашиш, қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш, талабалар, магистрлар, фан докторларининг ўзаро алмашинувини ташкил этиш, биргаликда дарсликлар, ўқув қўлланмалар, маърузалар, услубий тавсиялар, илмий-амалий шарҳлар, луғатлар ва бошқаларни тайёрлаш, спорт ва маданий тадбирларни ташкил этиш каби бир қатор муҳим масалалар акс этган ҳамкорлик меморандум имзоланди.

Юрий Белих  институт раҳбариятига самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди ҳамда институтдаги ўқув жараёни ва кўргазма унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.