loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ижодий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда

Аввал хабар берилганидек, шу кунларда Хитой Халқ Республикасининг Ханчжоу шаҳрида халқаро кўргазма бўлиб ўтмоқда.

Хитойнинг Ханчжоу шаҳри рассомлар уюшмаси, Ханчжоу шаҳри рассомлик академияси ҳамда Ухан тумани адабиёт ва санъат жамиятлари федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу кўргазмада 100 га яқин хитойлик ва хорижлик рассомлар қаторида 8 нафар ўзбек мўйқалам соҳибларининг асарлари ҳам намойиш этиляпти.

Сўнгги йилларда ўзбек-хитой рассомларининг ижодий ҳамкорлиги кўлами тобора кенгайиб бораяпти.

Мисол учун, Ўзбекистон ва Хитой рассомлари ўртасидаги ўзаро дўстлик, ижодий алоқаларни янада ривожлантириш, Ханчжоу Бадиий академияси билан ҳамкорлик Меморандумини имзолаш мақсадида икки йил муқаддам, яъни 2018 йилнинг 21-28 май кунлари Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов бошчилигида бир гуруҳ ўзбек рассомларидан иборат делегация Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари уюштирган эди.

Сафар давомида бўлиб ўтган икки томонлама учрашувларда Хитой Бадиий академияси президенти Ян Сяо Ян билан “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ва Хитой рассомлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Хитойда ўзаро кўргазмалар уюштириш, икки мамлакат рассомларининг алмашинув маданий лойиҳаларини йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилган, икки мамлакат рассомларининг Хитой ва Ўзбекистонга ҳар йили мунтазам равишда ташриф буюришлари, ташриф уюштирилган ҳудудлардаги мусаввирлар билан ўзаро ҳамкорликда асарлар яратишлари, яратилган асарларнинг кўргазмасини ташкил этиш масалалари келишилган эди.

Ушбу ҳамкорликнинг амалда ривожланиб бораётгани ифодаси сифатида Ўзбекистон Бадиий академияси, Хитой миллий Бадиий академияси, Ханчжоу Бадиий академияси ҳамкорлигида 2018 йилнинг октябрь ойида Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида ташкил қилинган кўргазмада Ханчжоу Бадиий академиясининг 20 нафарга яқин рассомларининг 60 дан зиёд тасвирий санъат йўналишларидаги асарлари намойиш этилди.

2019 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари яна Ханчжоу шаҳрига ижодий сафарда бўлишди ва унинг доирасида мамлакатимиз мўйқалам соҳибларининг ижод намуналаридан иборат бадиий кўргазма ташкил этилди.

Жорий йилда кузатилаётган коронавирус пандемияси жаҳон ҳамжамияти турмуш тарзини кутилмаганда ўзгартириб юборди. Аммо мавжуд қийинчиликларга қарамай, маданий лойиҳалар тўхтаб қолгани йўқ. Мазкур халқаро тадбир ҳам шундан далолат беради.

Шу йилнинг 29 сентябрь куни Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган “Буюк насрни куйлаш, Лянчжунинг рангли қаламлари” деб номланган халқаро кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Шанхай шаҳридаги бош консули Азиз Масутов иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона алоқалар тобора равнақ топаётгани, ўзаро маданий алоқалар, жумладан, “Бир макон, бир йўл” дастури доирасида ижодий ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётгани, санъат ва маданият ҳар доим халқлар ва давлатларни бир-бирига яқинлаштиришга хизмат қилгани, бугунги кунда ўзбек-хитой рассомларининг ижодий ҳамкорлиги кўлами тобора кенгайиб бораётгани қайд этилди.

“Буюк насрни куйлаш, Лянчжунинг рангли қаламлари” деб номланган халқаро кўргазмада юртимизнинг Акмал Нуридинов, Бахтиёр Маҳкамов, Беҳзод Маҳкамов, Файзулла Аҳмадалиев, Жаҳонгир Имомов, Хуршид Зиёхонов, Эрик Кулманов, Тўлқин Зокиров сингари таниқли рассомларининг миллий тасвирий санъатимизнинг бой анъаналари, миллий ва умуминсоний қадриятларимиз, Ўзбекистон манзаралари акс этган 60 та асари намойиш этилаяпти. Ушбу картиналар хитойлик тасвирий санъат мухлисларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўзбек рассомлари асарлари кўргазмасини Хитой Халқ  Республикасининг бошқа шаҳарларида ҳам ташкил қилиш кўзда тутилган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.