loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

“Икки давлат халқ рассоми – Чингиз Аҳмаровнинг ҳанузгача уй-музейи йўқ” сарлавҳаси остида Rost24.uz ахборот-таҳлилий сайтида эълон қилинган материалга Ўзбекистон Бадиий академиясининг муносабати

Ўзбекистон – буюк алломалар, уста-ҳунармандлар, бетакрор мусаввирлар киндик қони тўкилган табаррук юрт. Ўзбек тасвирий санъати Чингиз Аҳмаров, Ўрол Тансиқбоев, Раҳим Аҳмедов, Неъмат Қўзибоев, Маннон Саидов, Бахтиёр Бобоев, Рўзи Чориев сингари атоқли рассомлар асос солган катта маҳорат мактабига эга. Бу маънавий меросни ўрганиш, мазмун-моҳиятини ёшлар онгига сингдириш олдимиздаги муҳим вазифалардан биридир.

Бу борада Ўзбекистон Бадиий академияси, жумладан, Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан биргина 2021 йилда  Раҳим Ахмедов, Малик Набиев, Рафаэл Тоқтош ва Рўзи Чориев сингари улкан рассомларнинг  юбилей саналари муносабати билан улар ҳаёти ва ижодини  ўрганиш, номларини абадийлаштириш, жаҳон маданияти ва санъатида тутган ўрни, бой ижодий меросини халқимизга тўлиқ етказишга қаратилган илмий-амалий анжуманлар, хотира кечалари, кўргазма ва танловлар уюштирилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилда Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига атоқли рассом Рўзи Чориев номи берилди. Академик рассомлар  Раҳим Ахмедов таваллудининг 100 йиллиги, Малик Набиев таваллудининг 105 йиллиги кенг нишонланиб, улар  яшаб ва ижод қилган уйларида ёдгорлик лавҳалари  ўрнатилди.

Бундай тадбирларнинг барчаси  мамлакатимиз раҳбарияти томонидан  Ўзбекистон тасвирий санъатни янада ривожлантириш, соҳада ўчмас из қолдирган буюк рассомлар номини абадийлаштириш, хотирасини эъзозлаш, ижодий меросини асраб-авайлаш баробарида халқимизга, хусусан, ёш авлодга кенг тарғиб-ташвиқ қилишга берилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир.

Келаётган 2022 йилда ҳам юртимиз тасвирий санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган рассом-ижодкорлар, жумладан, портретчи, миниатюрачи-рассом, профессор Чингиз Ахмаров таваллуд саналари кенг нишонланади. Бу ҳақда 23 ноябрь куни атоқли рассом Рўзи Чориев таваллудининг 90 йиллигини  кенг нишонлаш чора-тадбирларига бағишлаб Ўзбекистон Миллий матбуот марказида  ташкил қилинган Бадиий академиянинг матбуот анжуманида ҳам  маълумот берилди. 

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Бадиий академияси  Чингиз Ахмаровдек беназир рассомнинг уй-музейини ташкил этишни кўпдан бери режалаштирган. Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан 2022 йилда Чингиз Ахмаров таваллудининг 110  йиллигини нишонлашга бағишлаб ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар дастурида уй-музейни ташкил қилишдан ташқари, рассом ҳайкалини яратиш, Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасаларидан бирига рассом номини бериш масаласи ҳам илгари сурилмоқда.

Зеро, замонавий миниатюра санъати асосчиси ҳисобланган Чингиз Ахмаровдек буюк рассомнинг ижоди ҳам, шахсияти ҳам мана шундай ҳурмат-эҳтиром, эъзозга муносибдир.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.