loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Илк қадам

Камолиддин Бeҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Тасвирий санъат факультети Хаттотлик ва миниатюра  йўналиши 3-босқич талабалари – Дилшода Ҳошимова, Зилола Бердиева ҳамда Ўғилой Мамадраҳимоваларнинг “Илк қадам” номли кўргазмаси очилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда институт Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилафрўз Қурбонова ёш ижодкорни бугунги кўргазмаси билан муборакбод этар экан, юртимизда ёшларга улкан имкониятлар яратилаётганини, ёшлар эса бу имкониятлардан унумли фойдаланишлари лозимлигини таъкидлади.

Талабаларга устозлик қилиб келаётган Миниатюра ва китоб графикаси кафедраси профессори Мирҳамид Собиров бугун институтда талаба-ёшларнинг ижод қилишлари ва билим олишлари учун яратилаётган шароитлардан нафақат талабалар, шу қаторда устозлар ҳам мамнун эканликларини таъкидлаб, талабалар ҳам бу имкониятлардан унумли фойдаланиб мана шу каби кўргазмалар ташкил этаётгини айтиб ўтди.

Мазкур тадбирнинг яна бир аҳамиятли жиҳати, унда институт талаба-ёшлари билан бир қаторда, институтга бириктирилган «Миробод» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқот қилувчи санъатга ихлосманд бўлган бир гуруҳ ёшлар ҳам иштирок этди.  Улар бугун институтда ташкил этилган ўқув ва ижодий жараёнлардан улкан таассурот олганликларини, тасвирий санъат, унинг алоҳида жанри бўлмиш миниатюра санъати ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотга эга бўлганликларини таъкидлашди.

Ўз ўрнида, ижодкор талабалар кўзгазманинг ташкил этилишида ўз ёрдамларини аямаган институт раҳбариятига ҳамда устозлари ва курсдош дўстларига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.

Мазкур кўргазмадан ёш ижодкорларнинг “Баҳор”, “Икки дўст қиссаси”, “Кунтуғмиш”, “Менинг оилам”, “Умр”, “Карвон” ва бошқа кўплаб тасвирий санъат асарлари ўрин олган бўлиб, томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Ёш ижодкор институт томонидан сертификат билан тақдирланди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.