loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Илмий Кенгашнинг илк семинари

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси Раёсатининг жорий йил 9 июлдаги 282/2-сон қарори асосида Бадиий академия тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий Кенгаш тузилган ва унга “Тасвирий ва амалий безак санъати” ҳамда “Санъат назарияси ва тарихи” (санъатшунослик фанлари) ихтисосликлари бўйича диссертациялар ҳимоясини ўтказишга рухсат берилган эди. Куни кеча ушбу илмий Кенгаш қошидаги илмий семинарнинг илк йиғилиши ўтказилди.

Семинарни очиб берган институт ректори Н. Сайфуллаев институтда ижодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш баробарида илмий фаолиятни юксалтириш, бадиий таълимнинг ривожига муносиб ҳисса қўшадиган иқтидорли кадрларни тайёрлаш ҳам устувор вазифа эканлигини, ушбу вазифалар ижросини таъминлаш учун илмий Кенгаш ўзига хос локомотив вазифасини бажариши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Онлайн семинарда Сакина Мухамеджанованинг “Санъат назарияси ва тарихи” ихтисослиги, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун “Мустақиллик даври Ўзбекистон ташқи реклама санъати” мавзусида ёзилган диссертацияси муҳокама қилинди.

Семинарда илмий Кенгаш аъзолари, тақризчилар, ОАК экспертлари, докторантлар ва мустақил изланувчилар, профессор-ўқитувчилар иштирок этишди. Муҳокамалар қизғин, савол-жавобларга бой бўлди.

– Яқин кунларда диссертациямни мувафаққиятли ҳимоя қилиб, илк докторантлардан бири бўлишни мақсад қилганман, – дейди С.Мухамеджанова.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.