loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Кенгашда илк ҳимоя бўлиб ўтди

Аввал хабар берганимиздек, Олий аттестация комиссияси раисининг тегишли қарорига асосан жорий йилнинг июль ойида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузурида санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи Илмий Кенгаш ташкил этилган эди.

Бугун, 23 декабрь куни  ушбу Кенгаш илк бора ўз фаолиятини бошлади.

Унда Сакина Мухамеджанованинг «Мустақиллик даври Ўзбекистонда ташқи реклама санъати» мавзусида «Санъат назарияси ва тарихи» ихтисослиги бўйича санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация иши ҳимояси онлайн тарзда ўтди.

Институт ректори, Кенгаш аъзоси Нодирбек Сайфуллаев Кегашни очиб берди. – Бу  Кенгаш юртимизда бадиий таълим ривожи, институт илмий салоҳиятининг ошишида муҳим аҳамият касб этади, зиммамизга улкан масъулият юклайди. Эндиликда бу кенгаш доимий фаолият юритиши учун тадқиқотчиларимиз илмий изланишларини янада жадаллаштиришлари зарур, – деди ректор ўз сўзида.

Ўзбекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби Феруза Абиджанова тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳасининг ривожи йўлида ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалар турганини таъкидлаб, бу жиҳатдан Кенгаш муҳим бўғинга айланишига умид билдирди.

Ҳимояни Кенгаш раиси, санъатшунослик фанлари доктори Дилафрўз Қодирова олиб борди.

 

Маълумки, бугунги кунда реклама соҳасига бўлган эътибор ва талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўз навбатида, бу жараён соҳада илмий ёндашувни, назария ва қонуниятларини кенг тадқиқ этишни талаб қилмоқда. Шу боисдан мазкур мавзуга бағишланган илмий тадқиқот ҳам катта қизиқиш ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий Кенгашдаги ушбу илк ҳимоя мувафаққиятли ўтди.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.