loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Кумуш қиш манзаралари

26 февраль куни Жиззах шаҳридаги 29-сонли Меҳрибонлик уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рангтасвирчи рассом Майсара Фозилова ҳамда унинг шогирдлари Гўзал Сағдуллаева, Бахора Икромова, Шахноза Жабборова, Феруза Жуманова, Ҳабибабону Низомова, Мадина Бобоева ҳамда Ҳилола Исроиловаларнинг асарларидан иборат “Юртимизда кумуш қиш” мавзусидаги кўргазманинг очилиш маросими бўлди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими, Миллий гвардия таркибидаги ҳарбий қисм, Ўзбекистон ХДП Жиззах шаҳар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон филармониясининг Жиззах вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида 29-сонли Меҳрибонлик уйи директори Гулчеҳра Абдуллаева, ХДП Жиззах шаҳар кенгаши раиси Носир Сиддиқов, Халқ депутатлари Жиззах шаҳар кенгаши депутати Мусахон Имомов, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими раиси Эргаш Ўринов, Миллий гвардия таркибидаги ҳарбий қисмнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича бошлиқ ўринбосари Лазиз Казаковлар сўзга чиқишиб, Майсара Фозилова ва унинг шогирдлари ижодий фаолияти ҳамда улар ўртасидаги устоз-шогир анъанаси тўғрисида сўзлашди ҳамда мамлакатимизда кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан санъат, маданият соҳалари, жумладан тасвирий санъатни янада ривожлантиришга жуда катта эътибор берилаётганини таъкидлаб ўтишди.

Тадбир давомида Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган ўқувчилар учун Майсара Фозилова ва унинг шогирдлари маҳорат дарсларини ўтишди.

Тадбир якунида кўргазмада фаол иштирок этган рассомлар Миллий гвардия таркибидаги ҳарбий қисм вакиллари, ХДП Жиззах шаҳар кенгаши ҳамда Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Жиззах вилоят бўлими томонидан совғалар ва ташаккурномалар билан тақдирландилар.

“Юртимизда кумуш қиш” мавзусидаги кўргазма Президентимиз илгари сурган 5 муҳим ташаббус ижросига бағишланиб, Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистон манзаралари” акцияси бўйича ташкил қилинди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.