loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

«Кўзгу» номли шахсий кўргазма

Тошкент фотосуратлар уйида 23 ноябрь куни истеъдодли рассом Гулчеҳра Раҳимованинг “Кўзгу” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазмада рассомнинг 30 та рангтасвир асари намойиш этилди.

Мазкур кўргазмада ижодкорнинг портрет ҳамда натюрморт жанридаги асарлари қизиқишга сазовор бўлмоқда.

Портретларнинг кўпчилиги аёл гўзаллиги ва нафосати, унинг ички олами, орзу-ҳаёлларини ифодалайди. Уларда тасвирланган қизлар ёки аёллар образи ортиқча деталлардан ҳоли, фақат биргина унсур рамзий маънони кучайтириш учун хизмат килиши мумкин. Масалан, портретлардаги қизларнинг кўпчилиги атиргул ғунчаси ёки лолани ушлагани кўринади. Улар гул ушлаган-у, бироқ ҳолатларидан, кўз қарашларидан ҳаёллари паришон, ширин ҳаёллар оғушидалиги илғанади: “Андижонлик қиз”, “Исмигул”, “Лола”.

Картиналарда ифодаланган макон ва унинг шахси кимлиги айтарли муҳим эмас, муҳими унда тасвирланувчи билан уни ўраб турган борлиқ импрессионистлар услубига эргашилган ҳолда бир-бирига сингиб кетган. Баъзи мавзулар ва ҳолатлар машҳур рассомларнинг кўпчиликка таниш картиналарини ёдга солади. Масалан Г.Раҳимованинг “Ҳуштак” картинаси Уста Мўминни “Беданабоз” асарини эслатади, “Гулзода”, Исмигул” сингари картиналари эса Эдуард Мане портретларига муқояса этилади.ҳам 

Томошабин Г.Раҳимова картиналарига назар ташлар экан, унинг нигоҳи равшанлашади, қарашлари покланади. Зеро, рассомнинг болаларга хос беғубор қарашларни, фикрлашни ифодалаши ўзгача: “Яхши кайфиятдаги қизалоқ”, “Учрашув”.

Картиналарда, шунингдек, Гулчеҳранинг шарқона ва ғарбона услубда кийинган ва ҳар иккаласига хос инсонларнинг ўзига хос одоб-ахлоқлари, миллий анъаналарини турли унсур (дўппи, майда ўрилган кокил, кўза, қамчи, сарафан, соябон) ёки либосларининг тикилиши услубларига ҳам алоҳида эътибор қаратганлигини сезамиз: “Сурхондарёлик қиз”, “Орзу атиргуллари”, “Уйғур қиз”, “Йигит”…     

Муаллиф ҳақида:

1973 йилда Тошкентда туғилган.

1995 йилда П.Бенков номидаги республика рассомлик билим юртини тугатган.

2003 йилда К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг магистрлиги дипломини қўлга киритган.

2008 йилда Москвадаги Марказий рассомлар уйида, 2009 йилда Германияда шахсий кўргазмалари бўлиб ўтган.

2015 йилда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг аъзолигига қабул қилинган.

Унинг асарлари Россия, Англия, Франция, Германия, Испания ва Ўзбекистондаги шахсий коллекцияларда сақланади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.