loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Лейден университети профессори билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда кўплаб янгиликлар жорий этилмоқда. Айниқса, дунёнинг нуфузли таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро илмий ва ижодий тажриба алмашишга қаратилган бир қанча тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугун, 8 июнь куни институтга Нидерландия давлатининг энг қадимий ва етакчи олий таълим масканларидан бири бўлмиш Лейден университети профессори Елена Паскалева ташриф буюрди.

Дастлаб меҳмон институтда мутахассислик фанларидан ўтилаётган дарс жараёнлари билан танишиб, профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан суҳбатлашди ҳамда институт талабалари томонидан ташкил этилган «Илк қадам» номли миниатюра асарларидан иборат кўргазмани томоша қилди.

Шуниндек, институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда Елена  Паскалева ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда икки давлат ўртасида сўнгги йилларда ҳамкорлик алоқалари жуда ҳам юқори савияда ривожланиб бораётгани эътироф этилди. Шунингдек, келгусида биргаликда илмий конференциялар, илмий тадқиқот ишлари, учрашувлар, вебинарлар ташкил этиш масалалари ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.

Шундан сўнг институт профессор-ўқитувчилари иштирокида «Миллий ва жаҳон бадиий таълими интеграцияси: Ўзбекистон ва Нидерландия ҳамкорлиги» номли семинар ўтказилди. Мазкур семинарда бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти билан барча соҳаларда чуқур ҳамкорлик алоқалари ўрнатгани, бу ўзгаришлар натижасида ўзбек санъати, бой маданий меросининг дунёга танилиши учун кенг имкониятлар яртилгани таъкидланди.

Маълумот ўрнида, Лейден университети Нидерландиянинг энг қадимги университетларидан ҳисобланиб 1575 йилда ташкил этилган. Ҳозирда университетда 116 та турли мамлакатлардан келган  30 мингдан ошиқ талаба таҳсил олмоқда. 2021 йилда дунё олий таълим муассасалари рейтингида 70-ўринда қайд этилган.

Учрашув сўнгида Елена Паскалева  институт раҳбариятига самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди ҳамда институтда бўлаётган ўқув жараёнлари ва кўргазма унда катта таассурот қолдирганини айтиб ўтди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.