loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Мактаб-интернат атоқли рассом номи билан аталади

Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига атоқли рассом Рўзи Чориев номи берилади. 

Жорий йилда Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги Рўзи Чориев таваллудига 90 йил тўлиши муносабати билан рассом номини абадийлаштириш мақсадида Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига Рўзи Чориев номини бериш тўғрисида Ўзбекистон Бадиий академиясининг таклифи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан маъқулланди ҳамда бу борада тегишли чораларни амалга оширишга оид топшириқлар олинди.

Термиз шаҳрида жойлашган, янги қурилган 330 ўринли замонавий ўқув биноси ҳамда 62 ўринли ётоқхонага эга Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида бугунги кунда тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишида 6 та ихтисослик (дастгоҳли рангтасвир, маҳобатли рангтасвир, ҳайкалтарошлик, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, либос дизайни) бўйича 320 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Мамнуният билан таъкидлаш керакки, мактаб-интернатда таълим олаётган ёшлар республикамизда ўтказилаётган турли танловларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқдалар.

Рўзи Чориев (1931 – 2004) – ХХ аср Ўзбекистон тасвирий санъатининг улкан намояндаларидан бири. Унинг халқимиз, юртимиз билан чамбарчас боғлиқ ижодида маҳаллий, миллий ва умумбашарий маънавий қадриятлар бир-бири билан боғланиб кетган. Ижодкорнинг миллий тасвирий санъатдаги хизматлари муносиб баҳоланиб, Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Ёрқин истеъдоди, бадиий теран, фалсафий асарлари билан ўзбек рассомчилик ривожига улкан ҳисса қўшган Рўзи Чориев номининг абадийлаштирилиши келгусида рассом издошларини кашф этиш ва уларнинг ўз истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун шарт-шароитлар яратишга  хизмат қилади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.