loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Матбуот анжумани бўлиб ўтди

Бугун, 4 июнь куни АОКАда Бадиий академия тасарруфидаги  Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти  томонидан  «Тасвирий, амалий санъат ва дизайн соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда  мазкур Институт ректори Н.Сайфуллаев ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 январдаги Қарори соҳада янги тарихий даврни бошлаб берди.

Ушбу Қарорда  белгиланган вазифалар ижроси таъминланиши натижасида мамлакатимизда бадиий ижоднинг барча йўналишлари, айниқса, нафис санъат соҳасида ёшларнинг ўз билим ва иқтидорини намойиш этишига хизмат қилмоқда.

Қарорда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштиришга доир бир қатор вазифалар, жумладан, “тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик, музейшунослик соҳаларида замон талабига жавоб берадиган юкори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини шакллантиришга каратилган стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш” вазифалари белгилаб берилди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Республикамизда бадиий таълимга ихтисослашган ягона олий таълим муассасаси бўлиш баробарида, юртимизга тасвирий ва амалий санъат, дизайн санъатшунос, музейшунос кадрлар етказиб берувчи етакчи таълим даргоҳи ҳисобланади.

Шу омилни инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, ушбу соҳалар учун юкори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини шакллантиришга каратилган стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали нафақат институт, балки юртимизда ушбу соҳаларнинг ривожланишига янада кенг шароит яратилмоқда.

Қарорда тилга олинган “Кадрлар тайёрлашнинг мақсадли тизимини шакллантириш, муваффақиятли фаолият кўрсатиб келаётган атоқли ижодкор-рассомларнинг “ўқув-ижодий устахонаси” тизимини жорий этиш” мақсадида ташкил этиладиган “Ўқув-ижодий устахона”га юқори илмий-ижодий салоҳиятга эга бўлган “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми”, “Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси” фахрий унвони, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонларига ва профессор илмий унвонига эга бўлган рассомлар раҳбарлик қилишади.

Бадиий таълимнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб институтда “ўқув-ижодий устахона”ларнинг ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишдан мақсад – атоқли устозлар раҳбарлигида “Ўқув-ижодий устахонаси”да педагог кадрлар фаолиятини ташкил этиш, устоз-шогирд анъаналарини сақлаб қолишдан иборат.

Қарорда “бадиий таълим соҳасида юкори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини илғор хорижий тажриба ва халкаро стандартлар асосида такомиллаштириш, ўкув жараёнига таълимнинг инновацион усуллари ҳамда замонавий педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш” ҳамда “таълим сифатини ошириш, нуфузли хорижий олий муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирокида онлайн курслар, маърузалар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш”  вазифаси қўйилди.

Институтда 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Creative Spark” лойиҳаси, “Erasmus+” дастурининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган “MUSAE – санъат соҳасида тадбиркорлик” лойиҳаси бажарилмоқда.

Бугунги кунда институт 20 га яқин хорижий давлатларнинг олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот  институтлари  билан 30 та ҳамкорлик меморандумлар имзоланган.

Шунингдек, дизайн соҳасида 2 та етук хорижий таълим муассасалари Таиланднинг Чанапатана халқаро дизайн ҳамда Жанубий Кореянинг Кемён университети билан Қўшма таълим дастурлари фаолияти йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 3 май куни Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ташаббуси билан Италиянинг Полимода дизайн мактаби вакиллари ўртасидаги видеоконференция мулоқоти ўтказилиб, унда икки олий таълим муасасаси ҳамкорлигида Қўшма таълим дастури ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги даврда олий таълим муассасаларига босқичма-босқич ўзини ўзи бошқариш ваколати берилмоқда. Биз бугун сўз юритаётган қарорда ушбу омил ҳам акс этган бўлиб, “ўкув-тарбиявий ва илмий жараённи самарали бошқариш мақсадида кадрлар захирасини мақсадли тайёрлаш, Институтнинг илмий ва ижодий салоҳиятини ошириб бориш, босқичма-босқич ўзини ўзи бошкариш, молиялаштириш, фаолиятини тижоратлаштиришнинг асослари ва тамойилларини шакллантириш”  вазифаси киритилган.

Шунингдек, қарорда “Институтнинг ўқув ҳамда илмий-лаборатория бино ва корпусларини қуриш, мукаммал таъмирлаш, ўкув-илмий лабораториялар, ўкув устахоналарини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш” белгилаб берилди.

Шу билан бирга, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб   “Қўғирчоқ театри рассоми” ва “Амалий санъат: бадиий заргарлик” бакалавриат таълим йўналишларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, институтда мақолалар сонини 221 тага, кўргазмалар сонини  117 тага, амалий грантлар сонини эса 6 тага етказиш назарда тутилган. Институт профессор-ўқитувчилар томонидан 9 та дарслик, 14 та монография, 73 та ўқув қўлланма тайёрлаш ҳамда 48 та муаллифлик гувохномасини олиш режалаштирилган.

Ҳар бир соҳанинг ривожида унинг моддий-техник базасининг мустаҳкамлиги, соҳада таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган инсонлар учун яратилган шароитлар ҳам муҳим омил ҳисобланади. Юқоридаги банд асосида эса бунинг учун зарур бўлган барча жиҳатлар инобатга олинган.

Институтнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, профессор-ўқитувчилар педагогик фаолият билан бир қаторда, ижодий фаолиятни ҳам самарали олиб борадилар. Улар яратган нодир асарлар нафақат юртимизда балки, хориждаги нуфузли кўргазма залларида намойиш этилиб, шахсий коллекциялар ва галереяларда сақланмоқда.

Албатта, бундай юксак ижод намунасини яратиш ижодкордан жуда кўп меҳнат ва вақт талаб этадиган мураккаб жараён ҳисобланади. Шунинг учун қарорда белгиланган 2021/2022 ўкув йилидан бошлаб «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби», «Ўзбекистон Республикаси халк рассоми»,  «Ўзбекистон Бадиий академиясининг хақиқий аъзоси» фахрий унвонлари – профессор илмий унвонига ҳамда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвонлари – доцент илмий унвонига тенглаштирилиши жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Чунки ижодкорларимиз ўз ижодий меҳнатлари натижасида нафақат томошабинга эстетик завқ улашади, балки санъатга эндигина қадам қўяётган ёш ижодкорнинг шаклланишига муносиб ҳисса қўшади.

Шу билан бирга, қарор билан 23 банддан иборат Камолиддин Бехзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.

Ушбу дастурда таълим жараёнига янги педагогик технологиялари ва ўқитиш методларини жорий этиш ва битирувчилар бандлигини таъминлаш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни такомиллаштириш, профессор-ўқитувчиларнинг бу борада фаолигини ошириш, ёшларни илмий ишларга тизимли жалб этиш, талаба-ёшлар ўртасида амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишларни янги сифат босқичига олиб чиқиш, миллий ғоя жамият барқарорлиги, умуминсоний ва миллий қадриятларни тарғиб этиш, ўқув, илмий ва тарбиявий фаолиятни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратиш каби бир қатор муҳим вазифалар қамраб олинган бўлиб, уларнинг амалга ошириш механизмлари, муддатлари аниқ белгилаб берилди.

Институт ташкил этилганлигининг 24 йиллиги арафасида эълон қилинган ушбу қарор олий таълим муассасамизнинг тараққиёти учун жуда ҳам улкан имкониятлар яратиш баробарида, унинг ижросини таъминлаш нуқтайи назаридан зиммамизга улкан масъулият ҳам юкламоқда.

Бугунги кунда бу қарорнинг амалий ижросини таъминлаш институтнинг устувор вазифаси сифатида белгиланган бўлиб, бу борада «Йўл харита» ишлаб чиқилган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.