loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Матбуот анжумани бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7  июндаги “Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги баёни ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда қатор вазирлик ва идорлар ҳамкорлигида 25-26 ноябрь кунлари атоқли рассом Рўзи Чориев таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб қатор тадбирлар ўтказилади.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот  анжуманида Вазирлар Маҳкамасининг мазкур баёнида белгиланган вазифалар ижроси, рассом хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда ушбу санани кенг нишонлашга тайёргарлик жараёни тўғрисида ахборот берилди.

Юртимиз  тасвирий санъатига улкан ҳисса қўшган  атоқли рассом хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий 2021 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига Рўзи Чориев номи берилди ҳамда мусаввир  таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан мазкур таълим муассасасида рассом ҳайкали ўрнатилди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Баёни ижроси доирасида. Сурхондарё вилояти маҳаллий бюджети, ташкилотчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан олиб борилган мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари натижасида мазкур таълим муассасаси бутунлай замонавий қиёфа касб этди.

Термиз шаҳрида жойлашган, 330 ўринли замонавий ўқув биноси ҳамда 62 ўринли ётоқхонага эга Рўзи Чориев номидаги Сурхондарё  ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида бугунги кунда тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишида 6 та ихтисослик (дастгоҳли рангтасвир, маҳобатли рангтасвир, ҳайкалтарошлик, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, либос дизайни) бўйича 320 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мамнуният билан таъкидлаш керакки, мактаб-интернатда таълим олаётган ёшлар  республикамизда ўтказилаётган турли танловларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқдалар.

          Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш Дастурига кўра 25-26 ноябрь кунлари Рўзи Чориев номидаги Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида рассом ҳайкалининг очилиш маросими, ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида “Рўзи Чориев издошлари” расмлар танлови ғолибларининг кўргазмаси ва тақдирлаш маросими, ижодий-бадиий хотира кечаси, Термиз давлат университетида “Ўзбек тасвирий санъати ривожида Рўзи Чориев ижодининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади. Мазкур илмий-амалий  конференция рассом ижоди ҳақида ёшларга тўлиқ маълумот бериш, ижодкорнинг асарлари ҳақида илмий мушоҳада қилиш, устознинг педагогик тажрибаларини ўзлаштиришда муҳим манба вазифасини бажаради. 

Бундан ташқари,Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Термиз шаҳридаги “Termiz Art” галереясида   рассом ҳамда унинг издошлари асарларидан ташкил топган “Сурхон куйчиси” номли кўргазма ташкил қилинади.

Рўзи Чориев (1931 – 2004) – ХХ аср Ўзбекистон тасвирий санъатининг улкан намояндаларидан бири. Рассомдан нафақат ўзига хос бадиий услуб, бетакрор усул, балки олам ва одам ҳақидаги бетакрор фикрлар, қарашлар ҳам мерос бўлиб қолди. Рўзи Чориев шундай серқирра рассомки, унинг ижодида маҳаллий, миллий ва умумбашарий маънавий қадриятлар бир-бири билан чатишиб кетган.

Рўзи Чориев 1931 йилда ноёб анъанавий маданиятга эга гўзал, кўҳна ва навқирон Сурхондарё вилоятидаги Пашқурт деган тоғ бағридаги қишлоқда дунёга келди. Рассомнинг болаликдаги тасаввурлари ўткинчи ҳолга айланмади, аксинча, улар инсон ва рассом сифатида унинг дунёқарашига мустаҳкам асос, негиз бўлиб қолди. Сурхондарё анъанавий маданияти ҳар доим рассом ижодига илҳом ва озуқа бериб келди, унинг сувратларидаги безак ечимида, рамзу тимсолларда ўз ифодасини топди, шу боисдан ҳам мусаввир асарларидаги қуёш нурининг ёрқин бўёқлари жилосидан томошабин дили беихтиёр равшан тортади.

          Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Рўзи Чориевнинг миллий тасвирий санъатимиздаги хизматлари, серқирра ва самарали фаолияти давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1975 й.), Ўзбекистон халқ рассоми (1987 й.) унвонига, «Сурхондарё замини ва одамлари» туркум асарлари учун Ҳамза номидаги давлат мукофотига (1983 й.) сазовор бўлди, “Эл-юрт ҳурмати” ордени (1998 й.) билан мукофотланди.

Ёрқин истеъдоди, бадиий теран, фалсафий асарлари билан ўзбек рассомчилиги ривожига улкан ҳисса қўшган Рўзи Чориев номининг абадийлаштирилиши келгусида янгидан янги издошларни кашф этиш ва истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун шарт-шароит яратишга хизмат қилади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.