loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Матбуот анжумани бўлиб ўтди

Бугун, 16 апрель куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Бадиий академиясининг халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалини ташкил қилиш ва ўтказиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Шу йил 19 апрель куни Ўзбекистон Бадиий академияси анъанавий Халқаро Тасвирий ва амалий санъат фестивалини тантанали равишда очади. 14 йилдан буён Ўзбекистон рассомлари, ихтисослаштирилган ўқув юртлари ўзларининг ютуқлари, ғоялари ва лойиҳаларини намойиш этиш учун қулай имкониятга эга бўладилар.

Ушбу санъат ҳафталиги қатор вазирлик ва идоралар, ижодий уюшмалар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

2021 йилда ушбу  фестиваль ўз лойиҳаларини бироз ўзгача тарзда тақдим этмоқда. Хусусан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Павел Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ижодий лойиҳалари тўғридан-тўғри таълим муассасаларининг ўзида намойиш қилинади.

Аввалги йилларда асосий вектор бадиий таълим муассасаларининг турли бўлимлари ишларига йўналтирилган бўлса, фестивалда бу йил фарқли ўлароқ биринчи навбатда ёшлар лойиҳалари, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг ижодий ҳамкорликдаги ишлари тақдим этилади.

 Шундай қилиб, Бадиий кўргазмалар дирекциясининг Марказий кўргазмалар залида узоқ кутилган “Самарқанд – Шарқ марвариди” вернисажи  ҳамда Ўзбекистон рассомларининг – рангтасвир, графика, амалий санъат асарлари кўргазмаси санъат ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз..

 Тошкент Фотосуратлар уйида томошабинлар «Менинг шаҳрим» лойиҳасини томоша қилишлари асносида, унда икки ажойиб рассом Рустам Базаров ва Умар Ражабовлар ўзига хос кузатувчанликлари орқали бугунги замонавий Тошкент қиёфасини ва  ўзгаришларни ўз палитралари ёрдамида очиб берадилар.

Фестиваль доирасида Ўзбекистон Бадиий академиясининг Ижодкор ёшлар билан ишлаш бўлими “Ижод ниҳоллари” (рангтасвир, графика) лойиҳасини тақдим этмоқда.

Икуо Хирояма Халқаро маданият карвон саройининг боғ қисмида Тошкент архитектура-қурилиш институтининг ўқитувчилари ва уларнинг талабалари томонидан замонавий ландшафт дизайнини яратилади.

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Ниёзали Холматовнинг “Шарқ сюитаси” шахсий кўргазмаси очилади, унда марҳум ижодкор-устанинг миниатюраларидан ташқари ноёб заргарлик буюмлари ва эмалга ишланган асарлари ҳам намойиш этилади. Рассомнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида унинг ишини оиласи, дўстлари ва талабалари давом эттириб келмоқдалар.

Анъанага кўра, Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги барча кўргазма заллари ва ўқув муассасалари ҳудудида маҳорат дарслари, анжуманлар ва турли тақдимот маросимлари ўтказилади.

Тадбирда ОАВ вакилларининг саволларига атрофлича жавоб берилди.