loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Менинг армиям – менинг фахрим

Бугун, 13 январь куни Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 29 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилар куни муносабати билан “Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!” мавзусида энг яхши тасвирий санъат асари танлови доирасида ташкил қилинган “Менинг армиям – менинг фахрим!” номли ижодий ишлар кўргазмаси ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.

Ижодий ишлар ватанпарварлик, Ватанга ва ҳарбий қасамёдга содиқлик, Қуролли Кучлар салоҳиятини ва ҳарбий хизмат ҳамда ҳарбий бурчини тасвирлаш каби мазмуний йўналишлар бўйича таниқли рассом ва ижодкорлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, талаба ва ўқувчи ёшлар орасида ўтказилди.

Ватан ҳимоячиларининг тимсолини яратиш, халқ ва армия бирдамлигини кўрсатиш, ёш авлодни ватанпарварлик, Ватанга содиқлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш, миллий армиямизнинг жамият ва давлат олдидаги аҳамияти ва ўрни, халқимизнинг тинчлиги, юртимиз фаровонлигида ҳарбий хизматчиларнинг ҳиссасини кенг тарғиб этиш, Президентимиз томонидан илгари сурилган муҳим 5 ташаббус доирасида ёшларни санъатга, рассомчиликка бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида ташкил қилинган ушбу кўргазмага ижодий ишлар  профессионал ва ҳаваскор йўналишларда қуйидаги номинациялар буйича ишлар қабул қилинди:

– фотосурат, фотоколлаж;

– тасвирий санъат, графика, миниатюра;

– кўргазмали тарғибот воситалари (плакат, баннер, панно).

Тақдим этилган ишлар Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тавсия этилган профессионал ижодкорлар, ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланди. Танловда 70 га яқин  фотосурат ва ижодий ишлар, 50 нафар муаллифнинг расмлари намойиш этилди.

Кўргазма ғолиблари Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тавсия этилган ҳайъат аъзолари, профессионал ижодкорлар томонидан баҳоланди.

Якунда, фотография, фотоколлаж номинациясида 1-ўрин Орифжон Мамажоновга насиб этди. Ушбу номинацияда фахрли 2-ўринни  Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фотомухбири Оқил Ғуломов қўлга киритди. 3-ўринга Нодир Маматқулов лойиқ кўрилди.

Рангтасвир, графика, миниатюра йўналишида 1-ўрин Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 1-босқич магистранти Абдулло Абдуғаффоровга, 2-ўрин  ҳам ушбу олий таълим даргоҳи  1-босқич магистранти Жавоҳир Ниёзовга насиб қилди.

Кўргазмали тарғибот плакат, панно номинациясида 1-ўринга Александр Тихомиров, 2-ўринга Хондамир Абдуғаниев ва 3-ўринга Жавоҳирбек Абдуфаттохов муносиб, деб топилди.

Шунингдек, ҳудди шу номинациялар бўйича ҳаваскорлар ўртасида ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фотомухбири Оқил Ғуломов,  фотография, фотоколлаж номинациясида  фахрли 2-ўрин сохиби.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 1-босқич магистранти Абдулло Абдуғаффоров, графика, миниатюра йўналишида 1-ўрин соҳиби

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 1-босқич магистранти Жавоҳир Ниёзов, рангтасвир, графика, миниатюра йўналишида 2-ўрин  соҳиби

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.