loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Менинг отам хотирасига

26 апрель куни Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигига бағишланган ўғли – Баҳодир Зокировнинг “Менинг отам хотирасига” номли шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди.

Баҳодир Зокиров 1965 йил 2 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Санъаткорлар оиласида дунёга келган Баҳодирнинг ёшликдан мусиқа ва санъатга меҳри баланд эди. Ўзбекистон Халқ артистлари – бобоси Карим Зокиров ва Шоиста Саидова, ота-онаси Ўзбекистон Халқ артистлари Ботир Зокиров ва Эркли Маликбоевалардан санъат сирларини ўрганиб, улғайган сари уларнинг ижодлари билан танишиб борди ҳамда яхшигина композитор, шоир ва режиссёр бўлиб етишди. 1988 йили Тошкент Давлат Университетининг “Шарқшунослик” факултетини тугатди. Истеъдоди боис 1973 йилдан бошлаб у кино санъатида унумли иш бошлади. Шу кунгача 40 дан ортиқ филмларга қўшиқ ва мусиқалар басталади. Кўплаб қўшиқлар матни муаллифи.

Баҳодир Зокиров ҳаётида яна бир санъатнинг қирралари порлади. У бир неча йиллар олдин расм чизиш билан шуғуллана бошлади. Рассомнинг “Сенинг севгинг” номли биринчи шахсий кўргазмаси 2015 йил 6 августда Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида бўлиб ўтган эди. Ушбу йиллар ичида Баҳодир Зокиров янги асарлар яратди. Ўзбекистон Халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигига бағишланган ушбу кўргазмасини Баҳодир Зокиров “Менинг отам хотирасига” деб номлади. Кўргазмага қўйилган 50 га яқин асарлар рассомнинг руҳиятини, орзу ҳавасу, иштиёқини акс эттиради. Унинг севги, муҳаббатга бой асарлари, Умар Хайёмнинг ҳолати томошабинда катта таассурот қолдириши табиий. Чунки ўзига хос ранглар танлови, ҳолат ва руҳият биргаликда асарни бойитган. Унинг биринчи кўргазмасидан кейин ишланган “Боғ”, “Анорлар”, “Хотира”, “Атиргул”, “Варрак”, “Рақс” каби асарларида инсон ва табиатнинг уйғунлиги акс этган.

Баҳодир Зокировнинг “Менинг отам хотирасига” номли шахсий кўргазмаси жорий йилнинг 6 майига қадар давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.