loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Миллатимизнинг маънавий пойдевори

Бу кўҳна дунёнинг қадимий ва бой тилларидан бири бўлган ўзбек тили халқимизнинг миллий ўзлиги ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий хазинамиздир. Тарихий адолат қарор топиб, мустақиллигимизнинг ўтган йиллари давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида фаол қўлланиш баробарида халқаро минбарлардан ҳам баралла янграётгани қалбимизда чексиз фахр туйғусини уйғотади.

Аллома  бобокалонларимиз ҳар қандай нозик фикр ва ҳисларни ифода қилишга қодир, бой тилимизни асрлар оша кўз қорачиғидай асраб, ривожига ҳисса қўшиб келишди. Тарихимизнинг ёрқин, илғор саҳифалари саналмиш биргина темурийлар даврида Ҳазрати Алишер Навоий фалсафий фикрлар билан тўлиқ, катта эпик достонлар яратиб, ўзбек тили ва тафаккурининг куч-қудратини намойиш қилди, ўзбек тилига шараф бағишлади. Зеро, бир халқнинг тили учун курашиш – у халқнинг мавжудияти, шон-шарафи учун курашишдан иборат.

Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрда қабул қилган “Ўзбек тилини давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида: “Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир”, дея таъкидлангани бежиз эмас. Тил ижтимоий бир ҳодиса эканлиги, жамият билан бирга нафас олишини эътиборга олсак, она тилимизни асраб-авайлаш нечоғли ҳаётий аҳамиятга эгалиги ўз-ўзидан аён бўлади.

ХХ асрнинг сўнгги чорагидан ҳозирги кунга қадар давом этаётган глобаллашув жараёни сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёт каби тил соҳасини ҳам қамраб олганини, глобаллашувнинг миллий тил келажагига хатарли таъсири долзарблик касб этаётганига шу замона вакиллари сифатида гувоҳ бўлиб турибмиз. Тадқиқотчилар фикрига кўра, глобаллашув ижобий ва салбий жиҳатларга эга мураккаб бир жараён сифатида тил софлигини асраш борасида ҳам чуқур ўйланган ёндашувни талаб қилади. Шундай шароитда ўзбек тилига бошқа тилларнинг лексик ва стилистик унсурлари кенг кириб келишининг олдини олиш орқали она тилимиз софлигини сақлаган бўламиз. Улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлоний ўз вақтида “ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур.”, дея уқтириб ўтган эди. Демак, ҳар қандай хазина, бойлик қўриқланишга муҳтож бўлганидек, тил бойлигининг ҳам қўриқчилари бўлиши керак. Бу нафақат соҳа мутахассислари, арбоблари, балки ҳар бир фуқаронинг она тилимизга ҳурмат-эҳтиром туйғулари билан йўғрилган бурчига айланиши лозим.

Бугунги кунда келажагимиз эгалари – ёш авлод вакилларини она тилимизнинг билимдон давомчилари этиб тарбиялаш ҳам олдимиздаги устувор вазифадир. Халқимизда қуш уясида кўрганини қилади, деган мақол бежиз айтилмаган. Аввало ўзимиз давлат тили қоидаларига риоя этилишида, тилимиз софлигини асрашда фарзандларга ўрнак, намуна бўлмоғимиз шарт. Зеро, улар орқали аждодлардан бизга етиб келган она тилимизни мерос қолдирамиз.

Кези келганда шуни таъкидлашим лозимки, бугунги кунда Ўзбекистон Бадиий академияси тизимида расмий ҳужжатларни юритишда, бошқа идора ва ташкилотлар билан ёзишмаларда давлат тили меъёрларига қатъий амал қилинмоқда.

Қолаверса, тасарруфимиздаги ихтисослаштирилган санъат мактабларида она тилига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш, тил байрамига бағишланган адабий-маърифий кечаларни ташкил қилиш фаолиятга оид режамиздан мустаҳкам ўрин олган.

Феруза Обиджонова,
Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.