loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Мўъжиза шунчаки яратилмайди

Ижод дунёси чинданда сирли. Катта машақақат билан яратилган санъат асари оддий ҳодиса эмас.Боиси, хоҳ  у ҳайкалтарош яратган ҳайкал бўлсин, хоҳ рассом чизган асари бўлсин катта ҳайрат орқали туғилиб, машаққатли меҳнат орқали дунёга келади.Чинакам санъат асари кишига катта маънавий завқ бериш билан бирга, сизни ҳам нимадир яратишга ундайди. Агар бошловчи ижодкор бўлса, уни ҳам келгусида шу каби асар яратиш орзуси жиддийлашади. Бўлажак санъатшунос сифатида мен шундай ўйлайман.

Мураббийнинг ижод йўли

 Тасвирий санъат мухлисларига яхши таниш рассом ва мураббий Содиқжон Раҳмонов мамлакатимиз рассомларининг катта авлодига мансуб. У 70 ёшда, ижодий  фаолиятини ўтган асрнинг 70 йилларида Павель Беньков номидаги республика рассомлик билим юртида таҳсил олиб юрган пайтларидаёқ бошлаган. 1970-1975 йиллар Тошкент театр ва рассомчилик институтида таҳсил олиб буюк сиймо Чингиз Аҳмаров сабоқларидан баҳраманд бўлган. Мураббийнинг ишлари Ўзбекистон давлат санъат, Алишер Навоий номидаги адабиётва Темурийлар тарихи музейларида, бадиий кўргазмалар  дирекцияси, Ўзбекистон Миллий банкининг тасвирий санъат галареясида  сақланиб келмоқда. 50 дан ортиқ ишлари эса хорижий санъат ихлосмандларига ҳавола қилинган. АҚШ, Франция, Англия, Голландия, Германия, Туркия, Россия давлатларида шахсий коллекцияларида сақланмоқда. 2001 йили Бадиий академиянинг кумуш медали билан тақдирланган.

  Буюк устозга эҳтиром

 “Тошкентнинг Хастиимом маҳалласида туғилиб ўсганман,- дейди,Содиқжон ака. Чингиз Аҳмаров ижодига қизиқишим  1966 йилдан бошланган.Тошкент зилзиласидан сўнг Алишер Навоий опера ва балет театри  таъмирланадиган бўлди. Биз билим юрти талабалари ўшанда театр таъмирига жалб қилиндик ва устознинг театр биноларидаги ишлари мени маҳлиё этди. Институтга эса 6 ўринга 20 киши топшириб талаба бўлдик, ўрин кам эди. Шунда институт раҳбари Ҳамид Сулаймон, Чингиз Аҳмаров талабалардан махсус гуруҳ тузмоқчилигини айтиб, бизни тинчлантирган.Кейин Чингиз Аҳмаров билан Адабиёт музейинг Андижон филиалининг безакларини бирга ишладик. Шу –шу улуғ сиймо билан у кишининг умрининг охиригача устоз шогирд бўлиб қолдик. Мен бундан фахрланаман ва Оллоҳ менга шундай сиймо қўлида ўқиш бахтига мушарраф этганидан қувонаман.Чингиз Аҳмаров Марказий Осиё мамлакатлари ичида бизда биринчи бўлиб деворга сурат чизиш мактабига асос солган.Бу иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келади.

Ижод эпкинларида

“Истиқлолдан кейин рангтавир дунёсида катта уйғониш бошланди,-дейди Содиқжон ака. Илгарилари  импрессионизм, кубизм, суперреалим йўналишларини рассомлар ижодда деярли қўллашмасди деса ҳам бўлади. Услублар эркинлиги мустақилликдан кейин бошланди. Мозаика, рангли сувоқ-сиграфито, Репсис-деворга расм чизиш ривожланди. Биласизми, барибир бизнинг санъатмиз сеҳрли ва у ҳамиша ўзга мамлакат одамларини доимо ўзига ром этиб келади. Масалан,Тошкентга Олис Сибирьдан келган бир киши Красноярск шаҳрида “Баҳор”ресторанига ўзбекона миллий  колоритда расм чизиб беришни илтимос қилган ва биз Чингиз Аҳмаров билан у ерда расм чизиб,ўзбекона, шаркона безак билан у ерга гўзаллик  бағишлаганмиз”

Содиқ Раҳмоновнинг Бухородаги Абу Али Ибн Сино музейидаги буюк табиб сиймосини яратган сурати, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фарзанди Ҳумоюн оғриб қолгандаги нола чекаётган суратлари жонли тарих тимсоли. ”Эл деса Навоийни”китобидан таъсирланиб чизган  “Навоий ва шўх қизлар”, ”Испан элчилари Амир Темур қабулида”,”Лазги”,”Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро”асарлари ва бир қанча ижод намуналари  тарихий тасаввур орқали сизга завқ бағишлайди. Мусаввир бу асарларни шунчаки яратмаган. Аввало узоқ тарихдаги шонли йўл босган боболаримизга эҳтиром ва ҳурмат билан яратган уларни мусаввир. “Даладан қайтиш”, ”Сумалак”,”Учрашув” картиналари эса Бўстонлиқ табиати ва у ердаги манзаралардан таъсирланиш орқали туғилган. Шунингдек ,”Ўзбекфильм” киностудиясини,пойтахтимиздаги “Чевар “ фабрикасини, Москвадаги “Сенаж”, Ижодкорлар уйини безатишда ҳам гўзал асарлари билан иштирок этган.

                                     Мураббийлик мартабаси

“Институтда дарс бераётганимга 18 йилга яқинлашиб қолди,- дейди Содиқжон ака.  Шу даврда кўплаб шогирдлар етиштирдим. Улар янги авлод мусаввирлар, ҳайкалтарошлар, санъатшунослар. Мустақиллик байрамининг 29 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига кўра “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси “унвони билан тақдирландим. Бу эътибордан чексиз қувониб яна янги ишларга қўл урмоқчиман. Шу кунларда буюк шарқ рассоми Камолиддин Бекзод сиймосини яратишга бағишланган янги туркум асарлар яратмоқдаман”

Устоз мураббий Содиқ Раҳмонов билан у кишининг устахонасида, улуғ сиймо Чингиз Аҳмаров қадами теккан ва ижод қилган даргоҳда қисқа суҳбатда бўлдик. Устахонада  ўзбек халқининг буюк санъаткори Чингиз Аҳмаров яратган бир қанча асарлар осиғлиқ.Устахонадан ўрин олган Содиқ Раҳмонов ижодига мансуб миллий колоритдаги асарлар эса Чингиз Аҳмаров асарларига руҳан яқин.Уларда жонажон Ўзбекистонимиз табиати,меҳанаткаш деҳқондан тортиб миллий мусиқа ижро қилаётган бастакоргача  ўз аксини топган. Содиқ Раҳмоновни  устозларининг руҳи поклари ҳамиша қўллаб юришларини, оиласига бахтига ҳамиша омон бўлишларини тилаб қоламиз.

                                     Ҳаёт Ғаффоров, Камолиддин Бекзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.