loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ёш иқтидорлар кўргазмаси матбуот анжумани

Бугун 9 июнь куни  «Навқирон Ўзбекистон» иқтидорли ёшлар республика замонавий санъат кўргазмаси танлови олдидан Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий кўргазмалар дирекциясининг Анжуманлар залида мазкур танловга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

«Навқирон Ўзбекистон» республика замонавий санъат кўргазмасининг асосий мақсад ва вазифалари замонавий санъатнинг барча соҳаларида ижод қилаётган ёш рассомларнинг салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва очишга, шунингдек, уларнинг ижодларини кенг тарғиб қилишга қаратилган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ижод қилаётган ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, тасвирий санъат, дизайн соҳасидаги маҳорати билан одамларнинг юрагига етиб борадиган, ёшларни эзгуликка чорлайдиган, уларни маънавий баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга хизмат қиладиган асарлар яратишда фаоллик кўрсатаётган 23 ёшдан 35 ёшгача бўлган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборат. Шу билан бирга мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида ёш истеъдод соҳибларини излаб топиш, улар билан ишлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш учун чуқур ўйланган тизим жорий этилади.

Республикамизнинг барча ҳудудларидан юборилган ижодий ишлар биринчи навбатда Ишчи гуруҳ томонидан сараланди ва кўргазмада намойиш этиш учун тавсия этилди.

 Кўргазмада намойиш этилаётган ижодий ишлар Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади ва ғолиблар аниқланади. Ундан ташқари ҳар бир йўналиш бўйича рағбатлантирувчи номинациялар белгиланади.

Танловнинг ёпилиш маросимида ғолиблар «Навқирон Ўзбекистон» республика замонавий санъат кўргазмасининг Олтин, Кумуш ва Бронза медаллари, Диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Шунингдек, кўргазма иштирокчиларига Сертификат топширилади.

«Навқирон Ўзбекистон» республика замонавий санъат кўргазмасининг очилиш маросими 2021 йил 11 июнда, ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими 30 июнда Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтади.


Анжуман давомида  журналист ва  блогерлар фаол иштирок этиб ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.