loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Она Ватан тараннуми

9 январь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг Тошкент фотосуратлар уйида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни – муносабати билан “Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!” мавзусида ватанпарварлик, Ватанга қасамёдга содиқлик, халқ билан армиянинг бирдамлиги, миллий армиямиз билан фахрланиш, мардлик ва жасорат каби мазмуний йўналишлар бўйича ташкил этилган танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Кўргазмада рангтасвир ва графика йўналишида 150 га яқин ижодий ишлар намойиш этилди. Иштирокчилар Бадиий академия томонидан тавсия этилган профессионал ижодкорлар ва Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар вакилларидан ташкил топган ҳайъат азолари томонидан баҳоланди.

 

Натижаларга кўра, ҳаваскорлар орасида рангтасвир иши номинациясида Республика ихтисослаштирилган давлат мактаби ўқувчиси Фаррух Мамадиёров ғолиб бўлган бўлса, графика номинациясида муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскар Жасурбек Жаъфаров пешқадамликка эришди.

Профессионаллар ичида рангтасвир иши номинациясида Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси Камоллидин Фахриддинов биринчиликни қўлга киритган бўлса, графика номинациясида ғолиблик Миллий гвардия тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи тасвирий санъат ўқитувчиси Бобур Расуловга насиб қилди.

1-,2- ва 3-ўрин соҳибларига Диплом ҳамда эсдалик совғалари, фаол иштирокчиларга Фахрий ёрлиқлар тантанали топширилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.