loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рангларда Ватан мадҳи

Бугун, 2 сентябрь куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Мустақиллигимизнинг 29 йиллигига бағишланган «Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида онлайн маъданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни Институтнинг ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректори Омонулла Солиҳов очиб берди. Нотиқ сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар, шу жумладан тасвирий санъат соҳаси ҳамда бадиий таълим ривожига тўхталиб, бундай юртнинг фарзанди бўлиш улкан саодат эканлигини таъкидлади  ва  иштирокчиларни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги билан муборакбод этди.

Шундан сўнг институт талабалари томонидан ташкил этилган “Рангларда Ватан мадҳи” номли онлайн кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди. Кўргазмада Ватанимиз тарихи, бугуни ва порлоқ келажагини тараннум этган 100 дан ортиқ рангтасвир асарлари ўрин олди.

Ватанимизнинг гўзал табиати, бағрикенг инсонлари, қўлга киритган ва киритаётган ютуқлари акс этган ушбу асарлар ёшларимизнинг кўтаринки руҳини ҳамда келажакка бўлган мустаҳкам ишончини намоён этмоқда.

Шунингдек, тадбир давомида талабалар халқимиз ардоғидаги шоирлар ҳамда ўзларининг ижодидан Ватан мадҳ этилган шеърлар ўқиб берди. Институтнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари мустақилликнинг моҳияти, унинг қўлга киритилиш тарихи ҳамда бугун юртимизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар тўғрисида фикр мулоҳазаларини баён этишди.

Талаба-ёшлар томонидан Мустақиллигимиз ҳақида тайёрланган видеороликлар ҳам онлайн тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

МРДИ матбуот хизмати

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.