loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рангтасвирдаги янгиланишлар

Бой анъаналарга эга бўлган Ўзбекистон рангтасвир санъати   XX асрга келиб бутунлай янги мазмун, услуб касб этди ва жадал ривожлана бошлади. Ҳозиргача янгиланиш жараёнини кечираётган бу соҳанинг айрим янги тенденциялари борки, уларни алоҳида  таъкидлаб ўтиш жоиз.

Мустақиллик даврининг дастлабки ўн йиллигида, айниқса, буюк алломаларимизнинг образлари эталон сифатида қабул қилинган асарлар яратила бошланди. Муҳаммад Нуриддиновнинг “Саид Барака Амир Темурга салтанат рамзи Барой ва Ноғорани топширмоқда” (1996), Алишер Алиқуловнинг “Амир Темурнинг Тўхтамиш устидан ғалабаси” (1996), Зайнуддин Фахриддиновнинг  “Ғалаба” (1997) каби буюк  Соҳибқиронни улуғлаган асарлари ва ниҳоят  Малик Набиевнинг эталон сифатида тан олинган  “Амир Темур портрети” (1999) картиналари, шунингдек, Тўра Қурёзовнинг “Жалолиддин Мангуберди” (1997), Собир Раҳметовнинг “Алпомиш” (2000) каби қаҳрамонлар тасвирланган асарлари фикримизнинг далилидир.

Қаҳрамонлар мавзусидан ташқари мустақиллик йилларида севги-муҳаббат, оила мавзулари ҳам долзарблашди. Шавкат Ҳакимовнинг “Севишганлар” (1997), Леким Ибрагимовнинг “Оила” (1999), Ғофур Қодировнинг “Учрашув” (1999), Акмал Нурнинг “Оқ тун висоли” (2001), Мурод Қорабоевнинг “Кутиш” (2001), Мухтор Исановнинг “Ошиқ анор” (2001) каби ўзига хос йўналиш ва оқимларда ишланган ўнлаб асарлари бу борада намуна бўла олади.

Янги фалсафа ва шаклларга мурожаат этган  рассомлар фақат рангтасвир билан чегараланиб қолмай, санъатнинг замонавий турларига ҳам мурожаат эта бошладилар. Инсталляция, видео-арт, перфоманс каби ижод кўринишлари юзага келди. Жамол Усмонов, Вячеслав Ахунов, Александр Николаев, Бобур Исмоилов, Фаррух Аҳмадалиев мазкур санъат турларида сермаҳсул ижод қилдилар.

Мустақиллик даврининг иккинчи ўн йиллигида  замонавий  рангтасвирда бошқача йўналишни эслатувчи ва шахс фалсафасини талқин қилувчи  маъно ва нозик оҳанг пайдо бўлди. Мурод Қорабоев, Бобур Исмоилов, Темур Аҳмедов, Фаррух Аҳмадалиев, Санжар Жабборов каби илғор рассомлар ижодида бу ҳол алоҳида кўзга ташланади. Бу рассомлар ижоди бир-биридан фарқ қилиб турса-да, улар постмодерн йўналиши асосида дунёни идрок этишнинг умумий концепциясини англаб олдилар. Уларнинг турли услуб  ва оқимлар таъсирида ишланган картиналарида прагматик ғоялар ва образларнинг муайян умумийлиги сезилади. Масалан, Мурод Қорабоев картиналарида замон ва маданий алоқалардан четлашиш ва узилиш фалсафаси кузатилади. “Кутиш” (2001), “Қачонлардир учиб кетган булбулнинг қайтиши” (2001), “Қизил туфли” (2004) каби асарлари сирлиликка, фалсафий маънога бойдир. Шунингдек, унинг асарларида бир вақтнинг ўзида жиддий ва кинояли тарзда ишланган болалар образи орқали ғайритабиий интеллектуал ва психологик оҳанг тасвирланган. “Биринчи коньки” (2014), “Парвоз” (2014), “Само тўғрисидаги ўйлар” (2014), “Олифталик” (2014) каби  туркум асарлари эртакнамо, ҳиссиётга бой, кўтаринки руҳ билан ишланган. Картиналардаги бола бир вақтнинг ўзида ҳам ҳаётий, ҳам тўқима образдир. Бу образ орқали муаллиф ҳар бир киши болалигида беғубор, соф, эзгу, олижаноб мақсадларга интилишини ифодалайди.

Бобур Исмоиловнинг ижоди Мурод Қорабоев ижодидан фарқ қилади. Унинг полотналарида  маъюс характердаги эга қиёфаларни, ғамгинликни, ҳаётдан чарчаш, армон каби туйғулар акс этган образларни учратамиз. Бу жиҳатлар, айниқса, якка персонажлар тасвирланган картиналарда яққол кўзга ташланади. “Олма ушлаган қиз” (2008), “Вазнни сақлаб туриб” (2008), “Дераза” (2009), “Қиз портрети” (2010) асарлари бунга мисолдир.

Серқирра ижодкор Санжар Жабборов асарларида  яширин руҳий ҳолатлар, рассом айни дамда ҳис этаётган туйғулар, инсон ҳаётида содир бўлиши мумкин бўлган турли муаммолар мавҳум образлар орқали  акс этади. Мусаввирнинг илк ижод намуналарини кузатиб ( “Саҳродаги сароб”, “Ёмғир”), у немис рассоми Герхард Рихтер абстракцияларидан таъсирланганини сезиш мумкин. Мазкур даврдаги  картиналарида  у рангларга унча аҳамият қаратмаган бўлса, кейинчалик ёрқин, очиқ ранглардан фойдаланганини кўришимиз мумкин. Мавзу жиҳатдан рассом, асосан, сюрреализмга мурожаат этган. “Дилгирлик” (2011), “Ичкарида” (2013), “Ўғри” (2014), “Тарвуз. Композиция” (2014), “Бифуркация нуқтаси” (2014) асарлари сюрреалистик ва шу билан бирга содда, динамик тарзда  ифодаланган. Мазкур асарлар рассом учун тасвирланаётган инсоннинг зоҳирий кўриниши аҳамиятли эмаслиги, фақат ботиний сифатлари аҳамиятли экани образларнинг фақат шаклан ифодаланиши ва юз қиёфасининг берилмаслиги билан англатилади. Асарлардаги мумтоз эстетик қолипларни бузиш, фикрни чалғитадиган ҳаракатлар, композициядан кескин чиқиш ҳолатлари орқали рассомнинг ички ҳиссиётлари намоён бўлади.

Ўзбекистон замонавий рангтасвирида илк янгиланиш 1980 йилларда асос сифатида  кириб келган бўлса, мустақиллик даврининг биринчи ўн йиллигида ривожланди. Мустақиллик даврининг иккинчи ўн йиллигида эса ўзбек рангтасвирида пластик ҳамда маъно жиҳатдан янгиланиш тамойиллари пайдо бўлди. Бу эса, рассомларнинг ижтимоий-шахсий муаммоларни  фалсафий талқин этишга интилишида кўзга ташланади.

 Муниса ЖЎРАБОЕВА,

Бектемир туманидаги 290-мактабнинг тасвирий санъат ва чизмачилик ўқитувчиси

(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг  2020 йил 6 мартдаги 10-сонидан олинди.)

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.