loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рассомлардан хабар олинди

9 Май – Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Тошкент вилоятида ёлгиз яшаб, ижод қилиб келаётган кекса ёшдаги ижодкор рассомларга байрам дастурхони қилиниб, хонадонига борилди, улардан ҳол-аҳвол сўралди.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлимига аъзо рассомлар – Моҳигул Маматалиева, Эркин Аралов, Илҳом Бахриев, Солий Қодиров, Ҳайитбой Султонов ушбу хайрли тадбирга бош қўшиб, халқимизга хос меҳр-оқибат, инсонийлик анъаналари бардавом эканлигини амалда кўрсатишди. 

Чирчиқлик 79 ёшли рассом Ольга Михайловна Шурова меҳмонларга урушга оид олис болалик хотираларидан ҳикоя қилди.

Ольга Михайловнанинг отаси 1941 йил фронтга кетиб, ҳалок бўлади, Смоленск шаҳрида бомбадан вайрон бўлган уй ертўласида жон сақлаган онаси ва икки опаси эса фашистлар қўлига тушиб, Германияга олиб кетилган. Рассом сўзларига кўра, улар юртга бошқа қайтиб келмаган.

Ольга Шурова ушбу график асарини фронтдан қайтмаган отаси, фашистлар қўлига тушиб, бедарак кетган онаси ва опалари хотирасига бағишлаб чизганлигини айтди.

Чирчиқлик яна бир рассом, 73 ёшли Ким Роберт карантин пайтида уйда ижод қилиб, китоб ўқиш билан машғул бўлганини сўзлаб берди ва ҳолидан хабар олгани келган, ҳамсуҳбат бўлган рассомларга миннатдорлик билдирди.

Навбатдаги манзил чирчиқлик рассом Владимир Елизаров уйи бўлди. Мусаввир карантин пайтида вақтдан унумли фойдаланиб, “Уйда қолинг ва ижод қилинг» лойиҳаси учун бир қанча асарлар яратишга улгурибди. 

Владимир Елизаров ўз ижоди намуналарини меҳмонларга бажонидил кўрсатди.

Асли қорақалпоғистонлик, ҳозирги кунда эса Чирчиқ шаҳрида ёлғиз истиқомат қилаётган 68 ёшли рассом Турсунбай Жуманов карантин даврида “Болаликни эслаб” деб номлаган асари устида ишлаётган экан.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.