loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Республика танлови ўтказилмоқда

Бугун, 14 июнь куни Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тасарруфдаги П.Беньков номли Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида Тасвирий ва амалий  санъат ҳамда дизайн йўналишидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари (ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари) да сабоқ олаётган ўқувчилар ўртасида Республика танловига старт берилди.

Мамлакатимизда 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га бағишланган ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ижодкор ёшлар республика танловларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори ижросини таъминлашга қаратилган мазкур танловда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Маданият вазирлиги тизимидаги  ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлари ўқувчилари иштирок этмоқда.

Танлов ташкилий қўмитаси раиси ўринбосари, Бадиий академиянинг Таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси бошлиғи М.Қурбонов маълумотига кўра, унда 200 нафарга яқин  ўқувчи ёшлар иштирок этаяпти ва номинациялар бўйича мавзуларни талабгорлар ихтиёрий танлашган.

Танлов Ҳайъати таркибидан Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзолари ҳамда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари ўрин олган.

14-18  июнь кунлари тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишларида ўтказилаётган танловнинг илк кунида иштирокчилар дастгоҳли рангтасвир, маҳобатли рангтасвир ҳамда маҳобатли безак  санъати рассоми ихтисосликлари бўйича портрет, пейзаж, натюрморт, интерьер, экстерьер, мозаика, маҳобатли безак, кулолчилик, майда пластика номинацияларида  ижодий салоҳиятини намойиш этдилар.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.