loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида кўчма кўргазма

12 октябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги Самарқанд вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи билан ҳамкорликда  “Ўқитувчи ва мураббийлар” кунига бағишланган “Шарқ дурдоналари” номли кўчма кўргазма ташкил этилди. “Таъзимдамиз сизга устозлар” шиори остида уюштирилган мазкур кўчма кўргазмада миниатюра санъат асарларидан намуналар қўйилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги Самарқанд вилояти  ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқитувчилари, ўқувчи ёшлар ва рассомлар иштирок этишди.                                                                                                                Тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи  директори Г.Қаршиева сўзга чиқди ва кўчма кўргазманинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. — Ушбу кўчма кўргазмани ташкил этишдан кўзланган мақсад – мустақиллик йилларида миллий тасвирий ва амалий, миниатюра санъати соҳаларида эришилган ютуқлар ҳамда замонавий миниатюра йўналишларида ижодкорлар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни, айниқса, ёшларни таништириш, ёш авлодда узоқ ўтмишга эга миллий санъатимиз анъаналари ҳақидаги билимларини бойитишга қаратилгандир, — деб таъкидлади Г.Қаршиева.

Кўчма кўргазмада ХIV-ХVI асрларга доир Шарқ миниатюра санъати дурдоналари ҳамда замонавий миниатюра намуналаридан иборат 40 дан ортиқ асарлар намойиш этилди. Зеро, Шарқ миниатюра санъати ўта нафислиги, рангларининг уйғунлиги, рамзий маъноларга бойлиги билан жаҳонни ҳайратга солиб келмоқда. Миниатюра санъати Шарқ китобат санъатининг таркибида ривож топиб, ХV-ХVI асрларда ўзининг юксак чўққисига кўтарилди.

Очилиш маросимидан сўнг кўчма кўргазма бўйича Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Г.Қаршиева экскурсия олиб борди.

Кўргазма доирасида ташкил қилинган “Миниатюра асарларининг яратилиши” мавзуидаги маҳорат дасрларини эса миниатюрачи рассом Камол Мирзаев олиб борди. Рассом миниатюра санъати, яъни каллиграфия, саҳифаларни зийнатлаш, муқова безаги, матн мазмунини кенг маънода ёритиб беришга оид маълумотларни келтириб ўтди.

— Миниатюра қадимги нодир қўлёзмаларни зийнатлаш билан биргаликда, асарларда инсонпарварлик, олийжаноблик, гўзаллик кабиларни ифодалашдир. Айнан юқорида қайд этилган сабаблар бадиий санъатда миниатюранинг ўрни муҳимлигини намоён этади, — деди миниатюрачи рассом.

Таъкидлаш керакки, инсонни нафосатга чорловчи миллий меросимиз намуналари ўрин олган “Шарқ дурдоналари” кўргазмаси Самарқанд вилояти  ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқитувчилари, ўқувчи ёшларида катта қизиқиш уйғотди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.