loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Санъат ва ёшлар

Бугун, 26 май куни Бадиий академияга қарашли Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «Санъат ёшлар нигоҳида» номли магистрантларнинг анъанавий илмий конференцияси бўлиб ўтди.

Ёшларнинг бугунги санъат ҳақидаги қарашлари ва илмий таҳлилларига бағишланган мазкур конференцияда институт ректори Н.Сайфуллаев сўзга чиқиб, “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори ҳамда мазкур Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган Вазирлар Маҳкамасининг “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада янги тарихий даврни бошлаб бергани, мамлакатимизда бадиий ижоднинг барча йўналишлари, айниқса, нафис санъат соҳасида ёшлар ўз билим ва иқтидорини намойиш этишлари учун зарур шароитлар яратилганини таъкидлади.

Илмий анжуманда магистрантларнинг «Ўзбекистон ҳудудида бадиий кулолчилик санъатининг ривожланиши», «Марказий Осиёда ҳайкалтарошликнинг янги тенденциялари», «Миниатюра санъатининг анъанавий ва замонавий ашёлари» ва бошқа бир қатор мавзулардаги маърузалари тингланди.

Ҳар бир маъруза соҳа мутахассислари томонидан таҳлил этилиб, қатнашчиларга илмий изланишларини янада ривожлантириш борасида тавсиялар берилди.

Конференцияда магистратура мутахассисликларида таҳсил олаётган 113 нафар магистр тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик, музейшунослик соҳасидаги бугунги замонавий бадиий жараёнлар, маданий меъросни сақлаб қолиш, мазкур санъат йўналишларининг ривожли йўлида олиб борилаётган изланишлар ҳамда муаммоларга бағишланган мақолалари билан иштирок этди.

Конференция якунида иштирокчилар институт раҳбарияти томонидан сертификат билан тақдирланди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.