loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Сўз, оҳанг ва тасвир…

Қорақалпоқ адабиётида халқ озаки ижодиёти узоқ асрлик тарихга эга қорақалпоқ халқининг шаклланиши ва ривожланишини ўзида акс эттиргани билан ҳам катта аҳамиятга эга. ХХ асрга қадар қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди кенг ривожланди. Гаштагу-тўйларда, катта маросимларда қаҳрамонлик ва ботирлик достонлари бахшию, жировлар томонидан маромига етказиб куйланган бўлиб, бизгача йирик достонлар асл ҳолида етиб келди ва қорақалпоқ халқ оғзаки ижодиёти бугун китоб кўринишга келтирилиб, адабиётшунослар томонидан чуқур ўрганилиб келинмоқда.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти давлат музейи, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Қорақалпоғистон минтақавий бўлинмаси ва Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Мусиқа ва тасвирий санъатда достонларнинг ифода этилиши” номли маънавий-маърифий, маданий тадбир ҳам айнан достонларнинг келиб чиқиш тарихи, қорақалпоқ фольклори, мусиқа ва тасвирий санъатнинг достонлар билан ўзаро уйғунлиги ҳақидаги суҳбатларга бой ўтди. Тадбирни музей директори Шаригул Пайзуллаева очди.

2002 йилдан буён фаолият юритиб келаётган музей Бердақ миллий музейига жорий йилда давлат мақоми берилиб, Бердақ номидаги қорақалпоқ адабиёти давлат музейи номига ўзгартирилди. Адабиётнинг ёрқин намуналари акс этган музейнинг достонлар ҳақида сўзлаётган деворий безаклари ва экспозия залларидан ўрин олган 30 дан ортиқ рангтасвир асарлар муаллифи Қорақалпоғистон халқ рассоми Барлиқбай Айтмуратов тадбирда қатнашиб, ҳарбийлар тарихий жанрда ижод этаётган рассом билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Рассомнинг ижоди қорақалпоқ тарихи ва адабиётини кенг қамраб олган бўлиб, у нафақат Бердақ, Ажинияз, Ибрайим Юсупов сингари адабиётнинг йирик дарғалари портретларини яратди, асарларига композициялар ишлади, балки халқ оғзаки ижодидан олинган достонларга бағишлаб кўплаб асарларни санъат ихлосмандларига ҳавола этди. Қорақалпоқ халқ достонларидан “Қирққиз”, “Тўмарис”, “Шарияр”, “Ерназарбий” рассомнинг энг сермаҳсул ижодий ишларидан саналади. Мусаввир адабиётга улкан меҳр қўйди, образларни яратишда тарих билан ҳамнафас яшади. У ўз нутқида аскарларга китобларнинг сеҳрли макони унинг тасаввур оламини бойитганини ва йиллар ўтиб, тасаввурлар рангин бўёқларда матони қучганини тўлқинланиб гапириб берди.

Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университетининг бахшичилик йўналишида “Ниҳол” мукофати совриндори Саламат Аяповдан таҳсил олаётган бир гуруҳ талабалар достонлардан парчаларни ижро этиб беришди. Бунда аскарлар қўбиз чолғу асбобининг яратилиш тарихи, жиров ва бахшиларнинг ўзаро фарқи ҳақида маълумотларга эга бўлишди. Шу билан бир қаторда бахши-жировчиликда йирик мактабга асос солган бахши ва жировлар ва уларнинг авлодлари, замондош ижодкорлар тадбир давомида ёдга олинди.

Адабиёт, рангтасвир ва мусиқа гармонияси тадбирга ўзгача фусун бахш этди. Айниқса, рассом Барлиқбай Айтмуратов иштирокидаги экскурсия аскарларнинг қорақалпоқ адабиёти ҳақидаги тушунчаларини бойитди.

Достонлар халқнинг орзу-умидлари, армонлари, қаҳрамон ботирлари ҳақида сўзлайди. Тадбирдан кўзланган мақсад эса, аскарларни нафақат қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди билан яқиндан таништириш, балки ватанпарварлик ғояларига йўғрилган достонлар орқали ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдан иборатдир.

Шоҳиста Абдураҳмонова, санъатшунос

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.