loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Таниқли меъмор вафот этди

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган меъмор, Меъморлар уюшмаси президиуми аъзоси, Давлат ва халқаро мукофотлар лауреати, Халқаро меъморлар академияси академиги, Қўқон шаҳри фахрий фуқароси Серго Михайлович Сутягин 84 ёшида вафот этди.

Қўқон шаҳрида қурилган Мусиқали-драма театр ва Адабиёт музейи учун Серго Сутягин – Алишер Навоий номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган.

Бундан ташқари Серго Сутягин Алишер Навоий номидаги санъат саройи (собиқ “Панорама” кинотеатри), ҳашаматли “Космонавтлар” метро бекати, Самарқанд дарвоза кўчасидаги чойхона, Чирчиқ шаҳридаги жангчилар хотирасига бағишланган монумент муаллифидир. Шунингдек, атоқли меъмор Самарқанд, Хива, Урганч, Олмалиқ ва Душанбе шаҳрида ҳам кўплаб биноларни лойиҳалаштирган. Жумладан, Нукус шаҳридаги Савицкий номидаги Давлат музейининг янги биноси ҳам унинг муаллифлик ишидир.

Жорий йилнинг февраль-март ойида Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида Серго Сутягиннинг “Меъмор чизгилари” номли шахсий кўргазмаси ташкил қилинган, экспозицияда унинг график асарлари, шунингдек, турли лойиҳаларининг макетлари намойиш этилган эди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбарияти ва жамоаси таниқли меъмор Серго Сутягин вафоти муносабати билан марҳумнинг оила-аъзолари, яқинларига таъзия изҳор этади ва чуқур ҳамдардлик билдиради.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.