loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Таниқли рассомлар кўргазмаси

Бугун, 2 декабрь куни П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида “Эски шаҳар” ижодий гуруҳининг “Юзма юз” номли кўргазмаси очилди.

Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишланган кўргазманинг очилиш маросимида сўз олган мактаб директори У.Ҳакимов истиқлолимиз бардавомлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифалар Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилгани, айнан шу сабабли Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдириш  муҳим вазифалигини, ушбу кўргазма ҳам шу мақсадга қаратилганини таъкидлади.

Кўргазмада «Эски шаҳар» гуруҳининг таниқли ижодкорлари, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари – “Шуҳрат” медали соҳибаси Дилором Мамедова, Ўзбекистон Бадиий академиясининг олтин медали соҳиби Абдуҳаким Каримов ва Дилмурод Йўлдошев ўзига хос услуби орқали тасвирий санъат ихлосмандлари орасида ном қозонган. Асарларда асосий ғоя – ватанпарварлик туйғуси уста рассомларнинг ижодий йўналишини бирлаштириб турибди.

Кўргазмага қўйилган 50 дан ортиқ асарларда гўзал юртимиз жамоли, табиат жозибаси, тарихий ёдгорликлар, инсонийлик, меҳр-муҳаббат мавзулари, миллий қадриятларимиз ёрқин бўёқларда акс эттирилган.

Кўргазма доирасида мўйқалам усталари томонидан маҳорат дарси ҳамда давра суҳбати  ташкил қилинди. Ўқувчиларда маҳорат дарси айниқса, катта таассурот уйғотди, таниқли рассомлардан ижод сирларига оид ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Бу каби тадбирлар бугунги ўзбек тасвирий санъати ҳақида кенг фикр алмашиш, ёшларнинг ижодкорлик салоҳиятини тарбиялаш ва ўстириш, устоз-шогирд анъаналари бардавомлигига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.