loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Сўз мулкининг султонига бағишланган кўргазма

Бугун, 5 февраль куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон «Ҳунарманд» уюшмаси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи  билан ҳамкорликда буюк мутафаккир ва шоир Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб миниатюра ва хаттотлик асарларидан ташкил топган “Тарих қаъридаги нур” номли кўргазма бўлиб ўтди.

Ўзбек халқининг маданияти ва адабиёти жаҳон маърифатпарварлари тасаввурида энг аввало, Алишер Навоий сингари улуғ сиймолар тимсолида гавдаланади. Аждодларимизнинг ўлмас мероси асрлар давомида нафақат миллионлаб китобхонлар, балки санъатнинг барча жанрларида ижод қилиб келувчи санъаткорлар қалбини ҳам забт этиб келган. Алишер Навоий мероси энг бебаҳо дурдоналардан бири сифатида эътироф этилади.

Алишер Навоий яшаб, ижод қилган даврда китобат санъатининг ноёб намуналари яратилган. Китобат санъати усталари ҳукмдорлар ва бошқа амалдорнинг буюртмаси асосида, айни асарлар ғоят нафис безаклар, миниатюралар билан зийнатлашган. Ўрта Шарқ ва Мовароуннаҳрда узоқ ривожланиш йўлини босиб ўтган китобат санъатининг такомиллашиши бевосита адабиёт билан боғлиқ бўлиб, нафақат бадиий-ғоявий жиҳатдан, балки ифода хусусиятлари жиҳатидан ҳам ўзаро уйғунлашиб кетган. Бадиий безакли қўлёзмалар яратиш учун энг баркамол бадиий ва тарихий асарлар танлаб олинган. Алишер Навоий асарлари ҳам ўз замонаси ва ундан кейинги даврларда китобат санъати учун асосий манба бўлиб, нодир безакли қўлёзмалари яратилган. Мазкур қўлёзмалар дунё маданий меросининг хазинасидан жой олган.

Замонавий миниатюрачи рассомлар ҳам Алишер Навоий қаламига мансуб асарларга қайта-қайта мурожаат қилиб, бадиий асарлардаги воқеаларни, уларнинг машҳур қаҳрамонлари ҳолатларини шарқона одоб-ахлоқ мезонларидан келиб чиққан ҳолда, ўзига хос бадиий тили, шартли рамзий тимсоллари орқали тасвирлайдилар.

Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб миниатюра ва хаттотлик асарларидан ташкил топган “Тарих қаъридаги нур” номли кўргазмада Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Ўзбекистон Ҳунарманд уюшмаси аъзолари – Баҳодир Хаджиметов, Камол Мирзаев, Камол Абдуллаев, Хайриддин Мухиддинов, Кошип Аманов, Зокир Хакимов, Мирҳамид Мирсагатов, Комил Oмонов, Саида Жалилова, Сардор Махкамов, Улуғбек Орифжонов, Бахтиёр Дедашев, Бехзод Журабоев каби ижодкорларнинг асарлари, Нигора Ҳайдарова томонидан тақдим этилган анимацион ижод намунаси  намойиш этилди. Шунингдек, адабиётшунос олимлар иштирокида “Назм ва наво” кечаси ўтказилди.

Кўргазмадан Ҳазрат Aлишер Навоийнинг шахси ва унинг ижодига бағишланган шоирнинг тасаввуф, инсонпарварлик ва комиллик ғоялари акс этган 60 дан ортиқ асарлар ўрин олган. Мазкур асарлар томошабин тафаккурини юксалтириш учун хизмат қилади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.