loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Тасвирларда ижод завқи

Бугун, 14 июнь куни Тошкент фотосуратлар уйида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Дизайн факультети Амалий графика кафедраси Компьютер графикаси ва бадиий фото таълим йўналиши 4-босқич битирувчи  талабаларининг “Тасвирларда ижод завқи” номли ижодий кўргазмаси очилди.

Тасвирий санъатнинг энг сўнгги йўналишларидан бири бўлган фотография санъати ўзининг кенг имкониятлари билан аллақачон эътибор марказидан жой олиб улгурган.

Биз бугун ҳаётимизни фотографиясиз умуман тасаввур эта олмаймиз. Ҳаётимизнинг унутилмас лаҳзаларини тарихга муҳрлаш биз учун қанчалар завқли. Ижодкор учун чинакам завқ унинг қалб қўри жам бўлган ишларининг санъат аҳли томонидан баҳоланишидир.

Кўргазмага қўйилган ишларнинг асосий мавзуси истиқлол йилларида гуллаб-яшнаётган ватанимиз, она табиатимиз ва ёшлик мавзуларидир. Асосий ижод намуналарини талабаларнинг пейзаж, портрет йўналишидаги фото асарлар тушкил этади.  Айниқса, кундан-кунга чирой очиб бораётган гўзал пойтахтимизнинг тунги манзаралари тасвирланган фото асар томошабинларнинг эътиборини тортмай қолмайди.

Бир қарашдан оддий ва содда кўринган асарлардаги ғоя бирламчи эканлиги уни томоша қилиш жараёнида яққол кўзга ташланади.  Айниқса, тарихий обидалар тасвирланган ишлар бошқа бадиий ижод намуналарида такрорланмайдиган ва ўзига хос услубни мужассамлаштиргани билан алоҳида аҳамиятлидир.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.