loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Уста фоторассом ўз кўргазмасини тақдим этди

Бугун, 9 декабрь куни Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг фотошўъбаси аъзоси, кўпгина республика, шунингдек, халқаро кўргазмалар иштирокчиси ва ғолиби, Тошкент фотосуратлар уйи қошидаги Ижодий фотосанъат мактаб-студияси ташкилотчиси ва раҳбари, кўплаб фотограф шогирдлар етиштирган устоз-мураббий, истеъдодли фоторассом Искандар Содиқзоданинг “Акс” номли шахсий фотокўргазмаси очилди.

 

Экспозицияда муаллифнинг 67 та фотоасари – кейинги йилларда ишлаган манзара, портрет, натюрморт, маиший ҳамда жанрлар кесимидаги бадиий фотографиялари тақдим этилган. Уста фотоасарларида бадиий фотографиянинг техник ва технологик қонуниятлари билимдонлигидан келиб чиқиб, чизиқлар, шакллар, нур ва соя уйинлари, сюжет қурилиши, шакллар нисбати ва уларнинг жойлашуви, ранглар уйғунлиги, композицияни шакллантиришгача бўлган мураккаб ва мумтоз босқич ўта нозик дид билан босиб ўтилганлигини гувоҳи бўласиз.

И.Содиқзода фотоасарларининг мавзуси ҳам турли туман: уларда юртимизнинг гўзал табиати, қайноқ лаҳзалари ва байрам-тантаналари, болажонларнинг беғубор кайфиятлари, аёллар назокати, шаҳарларимиз кўрки, замондошлар қиёфалари жонланади. Шунингдек, уста бадиий фотографиянинг техникаси, жанрлари устида тажрибалар ўтказишни ҳам дадиллик билан уддалайди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.